Украина ва Латвия хавфсизлик шартномасини тузди
Олам
−
11 Апрель
3489Украина ва Латвия Президентлари Владимир Зеленский ва Эдгарс Ринкевич бугун, 11 апрель куни хавфсизлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда Украина Президенти Ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Ҳозиргина Латвия Президенти Эдгарс Ринкевич билан биргаликда мамлакатларимиз ўртасида хавфсизлик бўйича икки томонлама битимни имзоладик”, деб ёзди Украина раҳбари.
Ҳужжатга кўра, Латвия Украинага ҳар йили ЯИМнинг 0,25 фоизи миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари, Латвия Украинани кибермудофаа, миналардан тозалаш, учувчисиз технологиялар соҳасида қўллаб-қувватлаш бўйича 10 йиллик мажбуриятни ўз зиммасига олади ҳамда Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга киришига ҳисса қўшади.
“Раҳмат, дўст Латвия! Озодлик ва мустақиллик учун курашимиз айнан мана шу ўзига хослик ва прогнозни талаб қилади", деб қўшимча қилди Зеленский.
Қайд этиш жоизки, Украина Президенти ҳозирда “Тримория” саммитида иштирок этиш ва ҳамкор давлатлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш учун Литвада бўлиб турибди. Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина учун ҳозир асосийси ҳаво мудофаасини кучайтириш, мамлакат мудофаа кучларининг шошилинч эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, халқаро ёрдамни мустаҳкамлашдир.
“Россия ёвузлиги нафақат Украина учун, балки Россия билан чегарадош ҳар бир халқ ва халқаро ҳуқуқни қадрлайдиган барча учун таҳдиддир”, деб ёзди Зеленский.
Маълумот учун, "Тримория" ("Уч денгиз ташаббуси") – Болтиқбўйи, Қора ва Адриатика денгизлари билан чегарадош Европа Иттифоқининг 13 та давлати: Австрия, Болгария, Хорватия, Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Польша, Руминия, Словакия, Словения ва Грецияни ўз ичига олади. 2022 ва 2023 йиллардан буён унинг таркибига Европа Иттифоқининг икки ҳамкор давлати – Украина ва Молдова ҳам қўшилди.
Бугун, 11 апрель куни “Уч денгиз ташаббуси” саммити бошланди. Литва Президенти Гитанас Науседанинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Аста Скайсгирите “Тримория” минтақаси деярли НАТОнинг шарқий қанотига тўғри келгани сабабли ҳам давлатлар учун муҳим масалалар кесишганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, саммитнинг асосий мавзулари энергетика, транспорт ва киберхавфсизлик бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Британия Киев билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисида битим тузган илк давлат бўлганди. 16-17 февраль кунлари Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан ҳам хавфсизлик мажбуриятлари ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама шартнома имзолади. 24 февраль куни урушнинг 2 йиллигида Ғарб етакчилари Киевга тўплангани муносабати билан Канада ва Италия ҳукуматлари Украина билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишувга эришди. Шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленский ва Дания Бош вазири Метте Фредериксен ўртасида ҳам хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартнома имзоланди. 1 март куни эса Нидерландия Бош вазири Марк Рютте Харьковда Зеленский билан Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича шартнома имзолади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь