Энди навбат Нидерландияга. Киев Амстердам билан ҳам ҳарбий ёрдам бўйича келишувга эришди
Олам
−
02 Март
4802Нидерландия Бош вазири Марк Рютте кеча, 1 март куни Харьковда Украина ҳукумати билан Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Украина раҳбари Вадимир Зеленский Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўртоқлашди.
Ҳужжатда Нидерландиядан Украинага жорий йилда 2 миллиард евро миқдоридаги ҳарбий ёрдам, шунингдек, кейинги ўн йил ичида мудофаа соҳасига кўпроқ ёрдам берилиши назарда тутилган.
Шунингдек, Бош вазир Украина ҳаво кучларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия ва узоқ масофага учиш қобилиятини яхшилашга устувор аҳамият берган.
Битим Нидерландиянинг Россияга қарши санкцияларини кучайтириш, Украинага етказилган зарарни қоплаш ва тажовузкорни жавобгарликка тортиш борасидаги принципиал позициясини расмийлаштирган.
Ҳужжатга кўра, расмий Амстердам ҳам Украинанинг келгусида ЕИ ва НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Президенти Владимир Зеленский ва Дания Бош вазири Метте Фредериксен ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартнома имзоланган эди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Британия Киев билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисида битим тузган илк давлат бўлган. 16-17 февраль кунлари Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан ҳам хавфсизлик мажбуриятлари ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама шартнома имзолади. 24 февраль куни урушнинг 2 йиллигида Ғарб етакчилари Киевга тўплангани муносабати билан Канада ва Италия ҳукуматлари Украина билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишувга эришди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь