Уруш даҳшати: Украинада тинч аҳоли ўртасида қанча қурбонлар борлиги очиқланди
Олам
−
28 Февраль 2022
16353Украинада 24 февраль куни бошланган жанговар ҳаракатлардан бери камида 102 тинч аҳоли ҳалок бўлди, 304 нафари яраланди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 49-сессиясида маълум қилди.
"24 февраль куни эрталабдан кечгача бизнинг идорамиз тинч аҳоли орасидан жароҳатланган ва қурбон бўлган 406 кишини қайд этди. Улардан 102 нафари қурбонлар", дейди Бачелет.
Унинг сўзларига кўра, қурбонларнинг аксарияти оғир қуроллардан фойдаланиш натижасида ҳалок бўлган. Қурбонларнинг ҳақиқий сони эса расмий рақамлардан кўп бўлиши мумкин.
Бачелет Украинада миллионлаб тинч аҳоли, жумладан қариялар таҳдиддан қочиш учун метро ва бошпаналарда тўпланишга мажбур бўлаётганини урғулаган.
Унга кўра, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери 422 минг тинч аҳоли Украинани тарк этиб, қўшни давлатлардан бошпана топган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь