Украина келаси ҳафта Херсонни қайтариб олиши мумкин – FT
Олам
−
14 Октябрь 2022
7537Украина келаси ҳафта Херсон шаҳрини Россиядан қайтариб олиши ва Днепрнинг ўнг қирғоғини озод қилиши мумкин. Бу ҳақда “Financial Times” нашри Ғарб ҳарбийларининг фронтдаги вазият таҳлилига таяниб, хабар бермоқда.
Украина қўшинларининг Херсон вилоятига ҳужуми август ойининг охирида бошланган. Шу ойнинг бошида Украина Қуролли Кучлари фронтни ёриб ўтишга ва илгари Россия армияси томонидан босиб олинган ҳудудга сезиларли даражада чуқур кириб боришга муваффақ бўлди. Бугунги кунга келиб Херсон вилоятининг шимолидаги фронт вилоят марказига қараб 30 км дан ортиқ масофага силжиган.
13 октябрь куни Украина армияси қўмондонлиги ушбу йўналишдаги яна бешта аҳоли пункти озод қилинганини маълум қилди.
Айни пайтда Херсон вилоятининг босиб олинган қисмига Россия томонидан тайинланган раҳбар Владимир Сальдо маҳаллий аҳолини “эвакуация қилиш”да ёрдам сўраб Москвадаги расмийларга мурожаат қилган ва бунга РФ ҳукумати рози бўлган.
Британия разведкасига кўра, бу қарор руслар қарши ҳужум Херсоннинг ўзига ҳам тарқалишини кутишаётганидан далолат беради.
Қайд этиш жоизки, Херсон Украина ҳудудига 24 февралда бошланган “махсус ҳарбий операция”дан кейин рус қўшинлари қўлга киритишга муваффақ бўлган Украинанинг ягона минтақавий марказидир.
30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси