Украина бўйича музокаралар боши берк кўчага кирди – ОАВ
Олам
−
04 Сентябрь 4643 2 дақиқа
Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда дипломатик суръат сўнди ва жараён яна боши берк кўчага кириб қолди. Бу ҳақда “Bloomberg” ёзди.
Европа Иттифоқи вакилларининг таъкидлашича, томонлар 2025 йилда уч марта музокара ўтказган бўлса-да, муҳим масалалар бўйича келишмовчиликлар ҳозиргача ҳал этилмаган.
Музокаралар жорий йилнинг май, июнь ва июль ойларида Истанбулда бўлиб ўтган. Улар давомида ўт очишни тўхтатиш, асирлар алмашинуви ва тинчлик меморандумларини тайёрлаш каби масалалар муҳокама қилинган. Асосий натижалар сифатида кенг кўламли асирлар алмашинуви ва сулҳ борасида мулоқот давом этаётгани қайд этилган. Бироқ муҳим келишмовчиликлар сабабли жараён охиригача ҳал этилган эмас, яъни ҳануз кўзга “ялт” этиб ташланадиган катта натижага эришилмаган.
Шу билан бирга, Европа давлатлари Украинага хавфсизлик кафолатлари борасида музокараларни ниҳоясига етказмоқда. Бу масала бугун, 4 сентябрь куни Парижда бўладиган “кўнгиллилар коалицияси” йиғилишида ҳал қилинади. Уни Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер олиб боради.
Мазкур коалиция асосан Европа мамлакатлари бўлган 30 дан ортиқ давлатни бирлаштиради ва улар Украинадаги тинчликпарвар миссияда қатнашишга тайёр. Аммо Украина Президенти Владимир Зеленский йиғилиш арафасида бу коалицияни “фақат назарий” деб атаган.
Қайд этиш жоиз, Украина ўт очишни шартсиз тўхтатиш, халқаро хавфсизлик кафолатлари, ҳудудий яхлитликни тиклаш, армиянинг жанговар қобилиятини сақлаш ва Европа Иттифоқига қўшилишни талаб қилмоқда. Зеленский Украинанинг бир қарич ери ҳам Россияга берилмаслиги ва бу мамлакат Конституциясида ҳам белгилаб қўйилганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Россия раҳбари Владимир Путин кеча, 3 сентябрь куни тўрт кунлик Хитой сафари якунида, Украина раҳбари Владимир Зеленский билан Москвада учрашишга тайёрлигини билдирганди. Унинг сўзларига кўра, Зеленский рози бўлса, музокаралар Москвада ўтказилиши мумкин. Шу билан бирга, у бундай ташаббус АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилганини ҳам қайд этган. Аммо кутилганидек бу таклиф Украина томонидан кескин рад этилди. Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Х тармоғидаги саҳифасида Путиннинг музокара ўтказиш учун Москвага чорловини қабул қилиб бўлмайдиган таклиф, дея атаган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь