“Кўнгиллилар коалицияси” Украина учун хавфсизлик кафолати тайёрлади – Макрон
Олам
−
04 Сентябрь 2025 3112 2 дақиқа
“Кўнгиллилар коалицияси” таркибига кирувчи Европа давлатлари Украина учун урушдан кейинги хавфсизлик кафолатларини тайёрлаб қўйди ва уларни Киев ва Москва тинчлик битимини имзолагандан кейин беришга тайёр бўлади. Бу ҳақда кеча, 3 сентябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Парижда украиналик мавқедоши Владимир Зеленскийни қабул қилаётганда маълум қилди.
Макроннинг сўзларига кўра, “Кўнгиллилар коалицияси” ҳарбий раҳбарияти Украина бўйича Вашингтонда бўлиб ўтган август саммитидан кейин биргаликда Украина учун хавфсизлик кафолатларини тайёрлаган.
“Мамлакатларнинг бугун, тушдан кейин мудофаа вазирлари даражасида қатъий махфийликда тайёрланган, ҳужжатлаштирилган ва маъқулланган ҳиссалари бизга шундай дейишга имкон беради: бу иш тугалланди ва энди сиёсий маъқулланади”, деди Франция Президенти.
Бугун, 4 сентябрь куни Парижда гибрид режимда бўлиб ўтадиган “Кўнгиллилар коалицияси” йиғилишида ушбу кафолатлар муҳокама қилинади.
“Шундан сўнг, биз Украина ва европаликлар учун мустаҳкам, узоқ муддатли тинчликка тайёрмиз, деб айтиш мумкин бўлади”, деди Эммануэль Макрон.
Владимир Зеленский 3 сентябрь куни Даниядан Парижга борди. У Данияда Бош вазир Метте Фредериксен билан музокаралар ўтказди, шунингдек, Шимолий ва Болтиқбўйи давлатлари раҳбарлари билан саммитда иштирок этди. Парижда Макрон билан учрашувдан сўнг Украина етакчиси Франция Президентига Украинани “кучли қўллаб-қувватлагани” ҳамда “кўплаб ташаббус ва коалицияларда етакчилик қилгани” учун миннатдорлик билдирди.
“Президент Макрон билан учрашувда биз эртага бўлиб ўтадиган "Кўнгиллилар коалицияси” етакчиларининг учрашуви олдидан позицияларни мувофиқлаштирдик ва хавфсизлик кафолатлари бўйича тайёргарлик ишларини муҳокама қилдик. Ишимиз Украина учун кучли хавфсизлик кафолатларини олиб келишига ишонаман. Биз ҳаммамиз бунинг устида ишлаяпмиз”, деб ёзди Зеленский Telegram-каналида.
Украина Президенти франциялик мавқедоши билан Украинага кейинги ҳарбий ёрдамни кўрсатиш, урушни тугатиш учун Россияга санкциялар босимининг давом этиши, шунингдек, Ғарбда музлатиб қўйилган Россия активларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам муҳокама қилганини қўшимча қилди.
“Алоҳида эътибор – Европа Иттифоқи томон ҳаракатимиз. Биз Франциянинг бу борадаги ёрдамини қадрлаймиз”, деб ёзди Зеленский.