Украина армияси русларнинг Херсондаги биринчи мудофаа чизиғини ёриб ўтди

Олам 16501
image
-

Украина Қуролли Кучлари Херсон вилоятини руслардан озод қилиш йўлида илк мудофаа чизиғини ёриб ўтди. Бу ҳақда Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раиси маслаҳатчиси Сергей Хлан Facebook’да маълум қилди.

У Россия ҳарбийлари йўқ қилинаётган ҳудудлар географиқияси кенгайиб бораётганини қайд этган.

Шу билан бирга, Хланнинг айтишича, фақат бугун тунда ва куннинг биринчи ярмида Украина Қуролли Кучлари Херсон, Антоновка, Олешки, Янги Каховка, Любимовка, Бериславдаги нишонларга ҳужумлар бўлган.

Telegram’да Николаев вилояти ҳарбий маъмурияти раиси Виталий Ким русларнинг Херсон вилоятига қисман чекиниши муносабати билан Днепрнинг ўнг қирғоғида пуфланувчи қайиқлар ва матрасларга талаб кескин ошгани ҳақида хабарлар келаётганини айтиб, ҳазил қилган. У дарё устидан ўтган кўприклар бомбаланганига ишора қилиб, руслар фақатгина шундай воситалар билан қочиши мумкинлигини таъкидлаган.

Бундан олдин “Жануб” тезкор қўмондонлиги, бугун, 29 август куни душман Херсон вилоятидаги позицияларидан чекинганини маълум қилган.

“Каховка қўшинлари гуруҳи “ДХР” деб аталувчи 109-полк Херсон вилоятидаги позицияларини тарк этгани, уларни қўллаб-қувватлаган россиялик десантчилар жанг майдонидан қочиб кетгани ҳақида хабар берди”, дейилади хабарда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 46
Рейтинг: 3.1
t
×