Укаинада “ҚВЗчи” армияни бошқаради. Қозоғистонда мотам. Зеленский урушни тугатмоқчи – Weekend
Таҳлил
−
18:48 845 18 дақиқа
Россия билан жанг қилаётган Украинанинг мудофаа вазирига “ҚВЗчи” одам ўринбосар бўлди. Масъулиятли лавозимни эгаллаган собиқ шоумен эндиликда бутун армиядаги рақамли тизимлар ва ҳарбий ҳисоб дастурий таъминотлари учун масъул бўлади. Киев кадрлар сиёсатида кутилмаган ва бир қарашда ғалати туйилган бу қарорга сабаб нима?
БМТ минбарига чиққан Нетаньяхуни 80 дан ортиқ давлат бойкот қилди. Унинг нутқини эшитмасдан намойишкорона зални тарк этганларни эса исроиллик вакил бирма-бир ёзиб олди. Бундай “давомат дафтаридаги минус” давлатларга қайси жиҳатдан таъсир қилиши мумкин?
Си Цзиньпин 11 йил ичида илк марта АҚШга борди. Трамп барча дипломатик протоколларни бузиб, Хитой раисини аэропортнинг ўзида дабдаба ва фавқулодда эҳтиром билан кутиб олди. Ўзига бино қўйган президент Хитой етакчисига ялтоқланиши нимани англатади? У нимани кутяпти?
Қозоғистонда ҳарбий фожиа. Бепарволик сабабли 14 та ҳарбий ҳалок бўлди. 4 таси қутқариб қолинди. Мамлакатда мотам. Ҳозирча 5 та амалдор ҳибсга олинди. Уларнинг сони ортиши мумкин.
Си Цзиньпин АҚШда
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасида Вашингтонда бўлиб ўтган навбатдаги саммит халқаро сиёсат ҳафтасидаги энг асосий воқеалардан бирига айланди. 24 сентябрга ўтар кечаси Хитой етакчиси уч кунлик давлат ташрифи билан Америкага етиб келганида, одатдаги протоколлар ва дипломатик қоидалар бир четга суриб қўйилди. Аслида, Вашингтондаги анъанага кўра, Америка президентлари хорижий давлат раҳбарларини аэропортда кутиб олмайди – қабул маросими Оқ уйда ўтказилади. Боз устига, шу йилнинг май ойида Трамп Пекинга борганида Си Цзиньпин уни аэропортда қарши олмаганди. Бироқ Трамп бу сафар барча қоидаларни бузди: у биринчи хоним Мелания Трамп билан бирга Эндрюс қўшма ҳарбий базасига шахсан бориб, Хитой раисини фавқулодда эҳтиром билан кутиб олди.
Ғарб оммавий ахборот воситалари ушбу илтифот ортида яширинган рамзий маъноларни ва икки давлат ўртасидаги яширин рақобатни атрофлича таҳлил қилмоқда. “The Washington Post” нашрининг ёзишича, Трампнинг бу ҳаракати Пекиндаги май ойидаги қабул доирасидан чиқиш ва Си Цзиньпинга ўзига хос миннатдорлик билдириш, шунингдек, ўн бир йил ичида Хитой раисининг Вашингтонга амалга оширган илк давлат ташрифига алоҳида аҳамият қаратиш истагидан далолат беради. Air China авиакомпаниясининг Boeing 747 самолётидан тушган Си Цзиньпин ва унинг рафиқаси Пэн Лиюань учун B-2 бомбардимончиси ҳамда F-22 қирувчи самолётлари иштирокида ҳарбий ҳаво парвози намойиш этилди. Бироқ, бундай баландпарвоз эҳтиром ва дабдабали маросимлар ортида чуқур сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар ётгани сир эмас.
“Шу йил бошида Пекинга борганимда Хитой халқининг меҳмондўстлигини чин дилдан ҳис этган эдим. Бугун эса ўн йилдан ортиқ вақт ичида илк бор Вашингтонга қайтганингизда сизга худди шундай эҳтиром кўрсатишга ҳаракат қилдик. Президент Си билан иккимиз ҳам турли тизимларга вакиллик қилишимизни яхши тушунамиз, аммо халқларимиз ўртасидаги ришталар доимийдир ва биз ҳеч қачон ҳозиргидек яхши чиқиша олмаганмиз. Халқларимиз келажакда ҳамжиҳатлик, тинчлик ва муваффақиятга эришишини тилайман”, деди президент.
Учрашув арафасида икки ойлик савдо сулҳининг узайтирилгани эълон қилинди. АҚШ Молия вазири Скотт Бессент томонлар тарифлар ва экспорт назоратини камайтириш бўйича битимни якунлаш учун охирги муддат сифатида 2027 йилнинг 10 январь кунини белгилаганини маълум қилди.
“Каттароқ, кенг кўламли битимга эриша оламизми ёки йўқми – билмайман. Амалдаги келишув муддатини шунчаки яна узайтириб боришимиз ҳам мумкин”, дея таъкидлади Бессент.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ташриф унумли натижалар келтиришига ишонч билдирди. Шунга қарамай, экспертлар ушбу сулҳни узоқ муддатли барқарорлик кафолати деб ҳисобламаяпти. Сулҳ муддати атиги икки ойга узайтирилгани ва баъзи америкалик мулозимларнинг 3–6 ойлик таклифларига мос келмагани сабабли, молиявий бозорлар бу хабарга хавотир билан муносабат билдирди – Хитойнинг CSI 300 индекси 24 сентябрь куни 1,3 фоизга, Осиё акцияларининг MSCI индекси эса 0,7 фоизга пасайди.
“Associated Press” агентлигининг таҳлилида таъкидланишича, Оқ уйдаги музокаралар столида тўпланиб қолган муаммолар тугалланмас даражада кўп. Трамп администрацияси Эронга қарши иқтисодий ва ҳарбий тазйиқларни ошириб, Пекиндан Теҳронга таъсир ўтказишни талаб қилмоқда. Ўз навбатида, Си Цзиньпин Трампдан Тайванга қурол сотишни бутунлай тўхтатишни ҳамда илғор микрочиплар ва сунъий интеллект технологияларига қўйилган қатъий экспорт чекловларини юмшатишни истайди. Шарқий Осиё бўйича собиқ юқори мартабали мулозим Эдгард Каган икки тарафнинг парда ортидаги фалсафасини ўзича изоҳлади.
“Президент Трамп вақт ўтиши билан АҚШ иқтисодиёти ўсиб боришига, сунъий интеллект ва технологиялар соҳасида муваффақиятларга эришишига қатъий ишонади. Си Цзиньпин эса Трамп билан музокаралар столига ўтирганида, АҚШ шиддат билан таназзулга юз тутаётганига ва вақт Хитой томонида эканига қатъий ишонади”, деди у.
Дарҳақиқат, ҳар икки етакчида ҳам вақтинчалик сулҳни сақлаб қолиш учун ички сиёсий сабаблар бор. Трамп ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар олдидан иқтисодий муаммолардан қочишга уринаётган бўлса, Си Цзиньпин ички иқтисодий қийинчиликлар ва қайта ишлаш секторидаги муаммоларни тартибга солишга муҳтож.
Музокаралардаги энг нозик ва оғриқли нуқталардан бири – камёб ер элементлари масаласидир. Вашингтон тоғ-кон ва қайта ишлаш корхоналарини жадал қураётганига қарамай, 2030 йилларгача камёб ер элементлари бўйича Пекинга тўлиқ қарам бўлиб қолаверади. “Benchmark Mineral Intelligence” консалтинг компаниясининг кўрсаткичларига кўра, АҚШда энг зарурий элементларни қазиб олиш 3 баравардан зиёд ошган бўлса-да, мамлакат ўз эҳтиёжининг атиги 42 фоизини қоплашга қодир. Дунё бўйича ушбу ресурсларнинг асосий монополисти бўлган Хитой экспорт чекловларини кечиктириш муддатини узайтириш масаласини асосий дастак сифатида ушлаб турибди.
Энди учрашувнинг дабдабали кўриниши ва унинг амалий натижалари ўртасидаги зиддиятга эътибор қаратсак. Трамп Си Цзиньпинга Оқ уйнинг янги вертолёт майдончаси ва қурилаётган балл залини мақтаниш билан кўрсатди, шунингдек, кечки овқат пайтида унга баландлиги 90 сантиметр бўлган оқ бошли бургут ҳайкалини совға қилди.
“Оқ бошли бургут – Қўшма Штатларнинг миллий рамзи ва Американинг эркин ҳамда парвоз қилувчи руҳининг гавдаланишидир. У Пекинда яхши ва ажойиб бир ўрин топади, деб умид қиламиз”, дея таъкидлади Трамп.
Шунингдек, Трамп ўзнинг Truth Social тармоғидаги саҳифасида “сунъий интеллект” ибораси ўрнига Си Цзиньпинга ҳам маъқул келган “супер интеллект” атамасини қўллашни таклиф этиб, учрашув жуда маҳсулдор ўтганини ёзди. Зиёфатга Илон Маск, Тим Кук, Сэм Альтман ва жефф Безос каби технология гигантлари ва миллиардерлар таклиф этилди. Дипломатик илтифот сифатида Си Цзиньпин Атлантадаги ҳайвонот боғига иккита панда юборишини эълон қилди.
Бироқ, бу дўстона, шоу услубидаги дипломатик кўринишлар ортида ҳеч қандай кескин сиёсий бурилиш ёки бурилиш ясовчи келишув амалга ошмади. “The New York Times” ва “DW” хабарларида келтирилишича, Си Цзиньпин Оқ уйда сўзлаган нутқида икки гигант давлат “Фукидид тузоғи”дан, яъни янги кучайиб бораётган ва мавжуд етакчи мамлакат ўртасидаги муқаррар урушдан қочиши кераклигини таъкидлади.
“Рақобатни тилга олишдан қочмаслигимиз керак, лекин рақобатимиз соғлом бўлиши ва муайян чегараларда қолиши лозим. Бу ғолиб ёки мағлуб бўладиган кураш эмас, балки бир-биримизга етиб олиш пойгаси бўлиши керак”, деди Си. У Тайвань мустақиллигига қарши чиқиш талабини яна бир бор такрорлади.
Трамп эса дипломатик яқинликни мақташ билан бирга, Америка технологиялар экспортига қўйилган қатъий чекловларни сақлаб қолишини билдирган. Эрон ва Украина масалаларида ҳам томонларнинг қарашлари кескинлигича қолди.
ОАВ вакиллари ушбу саммитни Рональд Рейган ва Михаил Горбачев ўртасидаги Совуқ урушни тугатган тарихий келишувларга қиёслашдан йироқ эканини таъкидламоқда. “CNN” таъбири билан айтганда, B-2 самолётлари, қизил гиламлар, ҳайкаллар ва “супер интеллект” ҳақидаги баландпарвоз гаплар остида ҳар икки етакчи ҳам ўз позициясидан бир қадам ҳам чекинмади. Трамп тадбирларни худди шоусимон телевизион дастурдек ўтказган бўлса-да, CNN, MS NOW ва Politico каби йирик нашрларнинг Оқ уйга киришини чеклагани сабабли телеканаллар умумий лавҳаларни узатишдан бош тортгани ҳам учрашувнинг парда ортидаги асабийлигидан нишона беради. Якуний хулоса шуки, Вашингтондаги дабдабали қабул икки мамлакат ўртасидаги чуқур стратегик, иқтисодий ва ҳарбий рақобатни юмшата олмади – томонлар шунчаки вақтни ютиш ва мавжуд тарангликни вақтинча музлатиб туриш билан чекланди.
БМТдаги томошалар
Нью-Йоркда 23 сентябрдан 28 сентябргача бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси жорий ҳафтанинг энг марказий ва шиддатли воқеасига айланди. Дипломатик майдондаги асосий воқеалардан бири – Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ушбу нуфузли саммитда шахсан иштирок этишдан бош тортгани бўлди. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса БМТ Бош Ассамблеясининг асосий кун тартибидаги нутқини сўзлаб бўлиши биланоқ, Си Цзиньпинни муносиб ва дабдаба билан қарши олиш учун зудлик билан Вашингтон томон ошиқди. Трампнинг БМТ минбаридан туриб сўзлаган нутқи эса одатдагидек тинчлик чақириқлари билан эмас, балки бир қатор давлатлар, хусусан Эрон ва савдо урушидаги рақибларига нисбатан кескин таҳдидлар, иқтисодий ва ҳарбий тазйиқ риторикаси билан ёдда қолди.
БМТдаги бу каби кескин дипломатик бурилишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтишимиз мумкин эди, бироқ ушбу глобал учрашувнинг бошқа муҳим тафсилотлари бўйича алоҳида таҳлилий материал тайёрланган – уни ҳозир экранларингизда пайдо бўлган сарлавҳа орқали топиб томоша қилишингиз мумкин.
Умуман олганда, ҳафтанинг бош мавзусига айланган БМТ Бош Ассамблеясида асосий диққат-эътибор Яқин Шарқдаги инқироз ва Фаластин халқининг фожиасига қаратилди. Йиғилишда сўзга чиққан 190 дан ортиқ давлат вакилларининг мутлақ кўпчилиги – 140 дан зиёд мамлакат очиқчасига Фаластин позициясини қўллаб-қувватлаб, мустақил Фаластин давлатини тан олиш ва ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, 100 га яқин давлат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ҳозирги тузилмаси ва ветолаш тизими ўз фаолиятини бажара олмаётганини айтиб, ташкилотни тубдан ислоҳ қилиш талабини илгари сурди ҳамда 120 дан ортиқ мамлакат вакиллари Исроилнинг хатти-ҳаракатларини қатъий қоралади.
Вазиятнинг энг юқори нуқтаси эса Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг БМТ минбаридаги навбатдаги нутқи бошланишидан олдин юз берди. Нетаньяху таклиф этилиши билан раҳбарлар ва аъзолар унинг нутқига эътироз ва норозилик белгиси сифатида зални бирданига тарк этиб чиқиб кетишди. Эътиборли тарафи шундаки, уларнинг ичида Ўзбекистон делегацияси ҳам бор. Унга бошчилик қилган Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг тарихий нутқини ҳам Qalampir.uz’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Нетаньяху очиқчасига бойкот қилингач, БМТ залида қолган Исроил делегацияси вакилларидан бири ушбу жараёндан кейин айнан қайси давлатлар ва қайси дипломатлар зални тарк этаётганини бирма-бир рўйхат қилиб, ўзига хос “давомат” юритди. Бу ҳолат катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Жаҳон ҳамжамиятида БМТ минбарининг ва ундаги халқаро ҳуқуқ нормаларининг нечоғлик таназзулга учраётгани ҳамда глобал дипломатик бўлиниш қанчалик чуқурлашгани ҳалигача муҳокама қилиняпти. Фаластиндаги қирғинларни оқлаган, Туркия, Қатар каби давлатларни ёлғончиликда айблаган ва зални тарк этганларни “маънавий қўрқоқлар” деб атаган Нетаньяху ўзи нималар деди деган саволга ҳам экранларингизда пайдо бўлган материал орқали жавоб топишингиз мумкин.
“Биз музокараларга очиқмиз”
АҚШ Президенти Дональд Трамп администрацияси Россия ва Украина ўртасидаги урушни кескин юмшатиш ҳамда томонларни мулоқот столига ўтқазиш бўйича зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган 3 та асосий таклифни илгари сурди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский “Axios” нашрига берган интервьюсида маълум қилди. Вашингтон томонидан тақдим этилган режага кўра, биринчи навбатда Россия ва Украина ўртасида бир-бирининг энергетика инфратузилмаларига зарба беришни тўхтатиш бўйича ўзаро келишувга эришилиши лозим. Иккинчи таклиф – Қора денгиздаги дон йўлаги фаолиятини тўлиқ қайта тиклашни назарда тутади. Учинчи ва энг муҳим қадам эса АҚШ, Россия ва Украина иштирокида тўғридан-тўғри уч томонлама музокаралар форматини йўлга қўйишдан иборат.
Ахборот манбаларининг таъкидлашича, Вашингтон ушбу олий даражадаги учрашув учун Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрини эҳтимолий майдон сифатида кўрмоқда. Украина раҳбари Киев бундай мулоқотга тайёрлигини билдирди.
“Биз музокараларга очиқмиз – исталган жойда ва исталган форматда. Уч томонлама учрашувга келсак, Америка томони унга тайёргарлик кўришни ва техник даражадаги уч томонлама учрашувни ўтказишни таклиф қилди. Биз Америка томонидан сана бўйича таклифларни кутяпмиз. Ўтказилиш жойига келсак – Қўшма Штатлар БААни таклиф қилди”, дея таъкидлади Украина президенти.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, бундай уч томонлама саммит декабрь ойида Майамида ўтказилиши режалаштирилган G20 саммити доирасида ҳам ташкил этилиши мумкин ва бу масала Трамп билан мулоқотда атрофлича муҳокама қилинган. Бироқ Киев етакчиси Москванинг ҳақиқий ниятига шубҳа билан қарашини яширмади. У Владимир Путиннинг бундай уч томонлама мулоқотдан қочиш учун “албатта бирор сабаб топиши” мумкинлигини, Кремль тинчлик мулоқотларига шунчаки вақтни ютиш воситаси сифатида қараётганини урғулади.
Гарчи расмий даражада шубҳалар сақланиб қолаётган бўлса-да, саҳна ортида дипломатик тайёргарлик жараёнлари аллақачон бошланиб кетган. Россия Президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев Нью-Йоркка етиб келган ва Вашингтоннинг сўнгги таклифларини муҳокама қилиш учун АҚШнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ҳамда жаред Кушнер билан учрашиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Нью-Йоркда Украина Президенти офиси раҳбари Кирилл Буданов, АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ва Кирилл Дмитриев ўртасида парда ортида уч томонлама учрашув тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қизиқарлиси шундаки, Россия расмий доиралари бундай яширин учрашув режалаштирилаётганини дарҳол рад этишга шошилди. Бу эса дипломатик майдонда томонлар ҳали якуний тўхтамга келмагани ва парда ортида савдолашув кетаётганини англатади.
Айни пайтда АҚШ Президенти Дональд Трамп можаронинг иқтисодий оқибатларига тўхталар экан, Россиядаги вазиятга кескин ва пичинг аралаш баҳо берди. Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Россия томонига қаратилган фикрларини ёзди.
“Россия, афсуски, Украина билан уруш туфайли нефтни қайта ишлаш саноати устидан назоратни йўқотди”, деб ёзди у.
Америка Президентининг фикрича, Украинанинг кетма-кет зарбалари натижасида Россиядаги кўплаб нефтни қайта ишлаш заводлари портлатилган ва ҳозирда уларнинг салмоқли қисми умуман ишламаяпти. Трамп ўз баёнотида урушнинг шафқатсиз статистикасини келтириб, ушбу тоқатсиз ҳолатга тезроқ нуқта қўйилиши кераклигини яна бир бор айтди.
“Бутун дунё азият чекмоқда. Ҳар ой 25 минг киши, асосан аскарлар ҳалок бўлмоқда. Бу бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Қандай шармандалик!”, деб ёзди Трамп.
Халқаро экспертлар ва ғарб матбуотининг таҳлилларига кўра, Трамп маъмуриятининг ушбу фавқулодда ташаббуслари замирида доимий ва мустаҳкам тинчлик ўрнатишдан кўра, ҳар икки томонни муваққат келишувларга мажбурлаш истаги ётади. Трампнинг нефть саноати ва йўқотишлар ҳақидаги баёноти Москвага нисбатан дипломатик босим ўтказиш, яъни “агар музокарага ўтирмасангиз, иқтисодиётингиз ва инфратузилмангиз янада ачинарли аҳволга тушади” деган ишорани беришдир. Россия томонининг уч томонлама учрашувларни рад этаётгани ва учрашувларни инкор қилаётгани эса Кремлнинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмасдан туриб, шартларни ўзи белгилашга уринаётганини кўрсатади.
Портлашлар давом этмоқда
У ёқда Трамп Россия ва Украинани яраштириб қўйиш ҳақида ўнлаб фикрларини айтаверади, бу ёқда эса икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий-сиёсий низо янги, янада шиддатли ва кутилмаган тус олишда давом этаверади. Икки томон ҳам дипломатик парда ортидаги музокаралар ва баландпарвоз гапларга қарамай, амалда бир-бирининг энергетика, саноат ва ҳатто фуқаролик инфратузилмаларини тўлиқ фалаж қилишга бор куч-имкониятини сафарбар этган.
Ҳафта давомида содир бўлган воқеалар вазият қанчалик қалтис эканини яққол кўрсатди. 24 сентябрь куни тунда Украина Россия ҳудудларига йирик дрон ҳужумини амалга оширди. “Reuters” берган маълумотларга кўра, Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари тун давомида жами 592 та дронни йўқ қилганини эълон қилди. Бироқ ушбу “муваффақиятли аксил-зарбалар”га қарамай, моддий ва объектив зарарлар кўлами анча катта. Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарь ҳудуд устида 50 га яқин дрон уриб туширилганини айтса-да, ҳужум натижасида Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводи жиддий шикастланиб, ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Самара вилоятида эса Москва – Тольятти йўналишида кетаётган йўловчи поездининг электровози ҳамда биринчи вагони ташқи таъсир оқибатида зарар кўриб, ҳаракат тўхтатилди ва машинист жароҳатланди. Бундан ташқари, Белгород, Пермь, Ульяновск ва Воронеж вилоятларида ҳам дронлар уриб туширилгани, турли саноат объектлари ҳамда электроника заводларига зарар етиб, тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар ва ярадорлар борлиги хабар қилинди. Воронеж губернатори Александр Гусев вилоят ва унга туташ 6 та туман осмонида 88 та дрон йўқ қилинганини билдирди.
Бундай йирик зарбаларга жавобан Москва ҳам шафқатсиз тактикани давом эттирмоқда. Россия Қуролли кучлари Киев, Запорожье ва Харьков йўналишларида ракета ҳамда реактив двигателли учувчисиз аппаратлар орқали зарбаларни кўпайтирди. Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, пойтахт бўйлаб уюштирилган сўнгги ҳужумлар оқибатида жами 5 киши ҳалок бўлди, 31 киши жароҳатланди. Соломянский туманидаги офис биноси, тиббиёт муассасалари ва DataGroup провайдерининг маълумотлар марказига зарар етган. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Россия дронлари ҳатто машҳур “McDonaldʼs” тармоғига тегишли омборхонага ҳам зарба берганини таъкидлади.
“Жанговар дрон – оддий озиқ-овқат маҳсулотларига қарши. Россия эскалацияни мунтазам кенгайтирмоқда: Америка ва бошқа мамлакатларнинг бизнеслари, маълумотлар маркази, интернет провайдерлари – кундалик ҳаётнинг ўзи Россия учун нишонга айланди”, дея баёнот берди у.
Саноат ва иқтисодий жабҳада ҳам аҳвол ниҳоятда оғир. Жорий йилнинг сентябрь ойида Украина металлургия саноатида сўнгги 100 йил ичида илк бор мутлақ антирекорд қайд этилди – мамлакат корхоналари бир тонна ҳам пўлат эритмади. Киевдаги Иқтисодий барқарорлик форумида “Метинвест” холдинги бош директори аппарати раҳбари Александр Водовиз ушбу фожиали ноль кўрсаткични эълон қилар экан, бунга Россиянинг “Запорожсталь” каби асосий металлургия ва энергетика инфратузилмаларига берган ракета зарбалари сабаб бўлганини айтди. Водовиз ҳукумат таклиф этаётган арзимаган 2–5 миллион гривналик ёрдамни кескин танқид қилиб, битта саноат печининг қиймати 500 миллион доллар туриши ва уни ишга туширишнинг ўзигаёқ 50 миллион доллар кераклигини эслатди. Бир сўз билан айтганда, мамлакат экспортининг асосий устуни бўлган металлургия бутунлай фалажланган.
Жанг майдонидаги ушбу мантиқсизликлар ва вайронагарчиликлар фонида Киев кадрлар сиёсатида кутилмаган ва бир қарашда ғалати қарорларни қабул қилмоқда. 2015 йилда “Ҳазилкашни кулдиринг” шоусида ғолиб чиққан ва илгари “Мамахохотала” юмористик студияси актёри бўлган қизиқчи Алексей Рева Украина Мудофаа вазирининг рақамли трансформациялар ва рақамлаштириш бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган собиқ шоумен эндиликда бутун армиядаги рақамли тизимлар ва ҳарбий ҳисоб дастурий таъминотлари учун масъул бўлади. Армия тақдирини қизиқчи қўлига топшириш каби ушбу қадам халқаро кузатувчилар ва сиёсий таҳлилчилар орасида истеҳзоли муносабатларга сабаб бўлмоқда. Аммо унутмаслик керакки, Зеленский ҳам президент бўлгунига қадар бизнинг тилда айтганда – ҚВЗчи бўлган.
Ҳарбий фронтдан ташқари, дипломатик ва махфий парда орти ўйинлари ҳам қизғин тус олган. БМТ Бош ассамблеяси доирасида Британия Бош вазири Энди Бернем билан учрашган Владимир Зеленский Telegram-каналида Россиянинг кутилмаган совғаси ҳақида ёзди.
“Ҳозир Россия Украинага янги оммавий ҳужум тайёрлаётгани ҳақида разведка маълумотлари бор. Жанг майдонидаги вазият Путин учун муваффақиятли эмас. У ғалаба қозонаётгани йўқ, бу ҳақиқат. Аммо у мағлуб ҳам бўлаётгани йўқ, чунки унинг учун инсонларнинг ҳалок бўлиши мағлубият ҳисобланмайди”, дея таъкидлади у.
Россия раҳбарияти ўз шахсий хавфсизлигини таъминлашни янги босқичга олиб чиқмоқда. “BBC” нашрининг аниқлашича, Сочида Владимир Путиннинг илгари бузиб ташланган “Бочаров ручей” қароргоҳи ўрнида ФХХ назорати остида янги ва анча улкан комплекс қурилиши якунланмоқда. 2024 йилда дронлар ҳужуми хавфи сабабли бузилган қароргоҳ ўрнида 2026 йил кузига келиб янги бинолар қад ростлади. Аркадий Ротенберг билан боғланадиган пудратчилар томонидан қурилаётган ушбу мажлислар ва қароргоҳ объекти атрофида ФХХ 3 квадрат километрдан ортиқ махсус қўриқланадиган ҳудуд барпо этмоқда. Украина дронлари Москва осмонида бемалол учган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдик. Шундан келиб чиқсак, бу иморат бежизга қурилмади.
Қозоғистондаги фожиа
Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида рўй берган даҳшатли фожиа ҳафта давомида дунё медиасида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бирига айланди. 24 сентябрь куни Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг ҳарбий хизматчилари режалаштирилган ўқув-жангговар топшириқни бажаришаётган пайтда кучли шамол кузатилган ва тўлқинлар кўтарилган. Оқибатда денгиз суви ва довул ҳарбий хизматчиларни оқизиб кетган.
Расмий маълумотлардаги дастлабки чалкашликлар ҳам эътиборни тортмай қолмайди. Мудофаа вазирлиги дастлаб 19 нафар ҳарбий хизматчи денгизга оқиб кетгани ва улардан 9 нафари ҳалок бўлганини маълум қилган бўлса, кейинчалик Манғистау вилояти ҳокимлиги сувга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини билдирди. Бироқ рақамлар қандай ўзгармасин, фожиа кўлами камайгани йўқ. Аскарлардан 14 нафари ҳалок бўлди ва атиги 3 киши қутқариб қолингани маълум қилинди.
Ҳодиса ортидан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда фожианинг келиб чиқиш сабабларини ҳар тарафлама синчиклаб тергов қилиш бўйича топшириқ берди. Ҳолат юзасидан зудлик билан жиноят иши қўзғатилди.
Ушбу фожиа сабабли Оқтау шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган барча тантанали ва байрам тадбирлари зудлик билан бекор қилинди. Қозоғистон Президентининг тегишли фармойишига мувофиқ, 25 сентябрь куни бутун мамлакат бўйлаб умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди. Мамлакат бўйича давлат байроқлари туширилиб, кўнгилочар кўрсатувлар тўхтатилди.
Қўшни давлатдаги ушбу оғир йўқотишга Ўзбекистон ҳам бефарқ қолмади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Каспий денгизида ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Қосим-Жомарт Тўқаевга ва биродар Қозоғистон халқига чуқур ҳамдардлик йўллади ҳамда қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига сабр-тоқат дилдошлигини билдирди.
Тергов ҳаракатлари эса узоқ куттирмади. 25 сентябрь куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган расмий ахборотда айтилишича, фожиа ортидан Мудофаа вазирлигининг 5 нафар юқори мартабали ва масъул мансабдор шахси қўлга олинган.
“Хизматга совуққонлик билан қараш ва кемани бошқариш қоидаларини бузиш, оғир оқибатларга олиб келиш билан боғлиқ жиноий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда гумонланиб, Қозоғистон Республикаси Қуролли кучларининг олий ва катта қўмондонлик таркибидаги масъул мансабдор шахслари ушланди”, дейилади ИИВ хабарида.
Қўлга олинганлар орасида Ҳарбий-дениз кучлари бош қўмондонининг биринчи ўринбосари, икки нафар ҳарбий қисм командири, денгиз пиёдалари ротаси ҳамда катер командирлари бор. Уларнинг барчаси гумонланувчи тариқасида Оқтау шаҳар полиция бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Live
Барчаси