Уч ҳудуддаги шифохоналарда мижозлардан ортиқча пул олингани аниқланди
Crime
−
10:54 442 2 minutes
Ўзбекистондаги айрим тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар нархини белгилашда қонунбузилишларга йўл қўйилиб, фуқаролардан юз миллионлаб сўм ортиқча ундирилгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар нархларининг шакллантирилиши ўрганилган.
Қорақалпоғистондаги 7 та тиббиёт муассасасида 2023–2026 йиллардаги хизматлар нархлари таҳлил қилинган. Айрим муассасаларда солиқ имтиёзларига қарамай, фойда солиғи хизматлар таннархига киритилгани ва баъзи хизматлар учун белгиланган тарифлардан юқори нарх қўлланилгани аниқланган. Натижада истеъмолчилардан жами 331,7 млн сўм асоссиз даромад олинган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан 6 та тиббиёт муассасасига нисбатан иш қўзғатилиб, ортиқча олинган маблағларни фуқароларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилган. Кўрилган чоралар натижасида айрим пуллик тиббий хизматлар тарифлари ўртача 16,22 фоизга пасайтирилган.
Самарқанд вилоятида эса Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган. Оқибатда истеъмолчиларга 302,2 млн сўм ортиқча ҳисобланган. Филиалга қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган.
Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганишларда ҳам қонунбузилишлар аниқланган. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида 2025 йил давомида қарийб 4 790 нафар истеъмолчидан 76 млн сўмдан ортиқ асоссиз даромад олинган.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий филиалида билвосита харажатларни қайта тақсимлаш коэффициенти белгиланган 38,2 фоиз ўрнига 47,4 фоиз миқдорида қўлланилган. Натижада 2024–2025 йилларда истеъмолчилардан қарийб 300 млн сўм ортиқча маблағ ундирилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан филиалларга нисбатан иш қўзғатилиб, ортиқча ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Қўмита истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хизматлар нархининг асоссиз оширилишининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилаётганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қарийб 10 млрд сўмлик давлат харидларида рақобатни чеклаш билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланиб, буюртмачи ташкилотларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All