“Ўлдига чиққан” Ким Чен Ин одамларга кўриниш берди (фоторепортаж)

Олам 17900
image

Аввалроқ, Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси узоқ муддатли танаффусдан кейин илк бор оммага кўриниш бергани ҳақида хабар қилгандик. КХДРнинг ҳукмрон Меҳнат партиясининг расмий нашри “Нодон синмун” ўлдига чиқарилган мамлакат етакчиси Ким Чен Иннинг 20 кундан кейин олинган суратларини эълон қилди.

Суратлар кеча, 1 май куни Синчхон шаҳридаги ўғит ишлаб чиқарувчи заводнинг очилиш маросимида олинган. Маросимда Шимол етакчисига синглиси Ким Ё Жон ҳамроҳлик қилган.

Баъзи суратларда 2020 йил 1 май “Синчхон ўғит ишлаб чиқарувчи заводи қурилишини якунлаш маросими”, деб ёзилган. Суратларда Ким Чен Инни хурсанд ва тетик эканини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, КХДР етакчиси 11 апрель – Корея Меҳнат партияси Марказий Қўмитасининг Сиёсий бюросининг ички сиёсат масалалари бўйича йиғилишини ўтказгандан бери жамоатчилик олдида кўринмаётганди. Хусусан, Ким Чен Ин 12 апрель куни Олий Миллий Мажлиснинг йиллик сессиясида иштирок этмади ва унинг ҳукмронлик қилганидан бери биринчи марта 15 апрель куни Ким Ир Сеннинг 108 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган Кумсусан Қуёш Саройидаги маросимда қатнашмаганди.

25 апрель куни Гонконгда жойлашган HKSTV сунъий йўлдош радиоэшиттириш компанияси вице-президенти Ким Чен Иннинг вафоти ҳақида хабар қилган эди. КХДР давлат радиоси эса мамлакат фуқароларига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўлими ҳақидаги миш-мишларга қарамай унинг фаолиятини давом эттираётганини маълум қилди.

Image

Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг ташқи сиёсат бўйича катта маслаҳатчиси Моон Чонг Ин CNN’га Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларга изоҳ бериб, Шимол етакчиси тирик ва соғ-саломат эканини маълум қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 534
Рейтинг: 3.1
t
×