Ким Чен Иннинг “ўлими”: Шимолий Кореяни нима кутяпти, меросхўрлар қаторида кимлар бор?
Таҳлил
−
28 Апрель 2020
50838Сўнгги кунларда бутун дунё эътибори Корея Халқ Демократик Республикасига қаратилган. Негаки дунё матбуоти яна бир бор Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни “дафн қилди”. Турли казо-казо нашрларнинг ёзишича, КХДР Давлат кенгаши раиси аллақачон вафот этган ёки кома ҳолатига тушган. Тилга олинаётган яна бир вариант Ким Чен Иннинг жарроҳлик амалиётидан кейин “вегетатив” ҳолатга тушиб қолгани бўляпти.
Ҳали ҳеч қандай расмий маълумот берилмасидан “ўлган” Ким Чен Инга халаф ҳам топиб қўйилди. Бу – унинг синглиси Ким Ё Жон. Бундай хулосага келинишига КХДР етакчисининг узоқ вақт халққа кўринмагани, миллий байрамни ўтказиб юборгани ва маҳаллий давлат матбуотининг сукут сақлаши сабаб бўлди. Кейинроқ маҳаллий ОАВ “уйғонди” ва мамлакат лидерининг баёнотини эълон қилди. Россиялик кореяшунос Константин Асмолов Ким Чен Иннинг вафоти қанчалик ҳақиқатга яқинлиги, Шимолий Кореяда илк аёл раҳбар бўлиши эҳтимоли ҳақида фикр билдирди.
Санамай саккиз дема
Шимолий Корея етакчиси вафот этгани ёки кома ҳолатида эканини айтаётган манбаларга ишониш қийин. Ҳозирча улар тасдиқловчи манбага кирмайди. “Аноним, аммо яхши хабардор манба” журналистика стандартларига кўра, яна нимагадир таяниши керак. “Аноним” манба ортида номи зикр этилишини истамаган мутахассис ёки амалдор бўлиши ҳам мумкин, аммо у муаллиф ўзи ёзаётган матнни хаспўшлаш ва қайсидир даражада қонунийлаштириш учун ўйлаб топган уйдирма бўлиши ҳам мумкин.
Мутахассиснинг фикрича, “миш-мишларга кўра” дея тарқатилган хабарларга ишониш керак эмас. Билхусус, КХДР каби давлатлар ҳақида сўз борганда икки нарсани унутмаслик керак. Биринчидан, мамлакатнинг ёпиқлиги уни хайп учун яхши нишонга айлантиради ва Шимол ҳақидаги ҳар қандай “қайноқ” хабар тезда тарқалади. Иккинчидан, аксилпхеньян пропагандаси иллюзия эмас ва турли миш-мишлар унда муҳим роль ўйнайди.
Эксперт Шимолий Корея масаласида яна бир жиҳатга эътибор бериш кераклигини таъкидлаган. У ёки бу ОАВ КХДРнинг янги етакчиси ким бўлиши ҳақидаги ахборотни қаердан олади? Шимолий Кореядек давлатда бундай маълумотларга жудаям тор доирадаги шахслар воқиф бўлади ва бу тўғридаги аниқ ахборотни олиш, бошқа давлатларда ким раҳбарликдан кетиб, ким келиши ҳақида ахборот олишдан анча мушкул. Аммо япон журналистлари шу кунларда КХДРдаги кадрлар ўзгариши ҳақида хабар тарқатди. Уларнинг янгилигини мавжуд баъзи фактларга таяниб, бир “аноним” манбага тиркаб эълон қилишга ўхшатиш мумкин.
Аммо аноним бўлмаган манбага асосланган нашрлар ё Кимнинг вафотини инкор қилди, ё ахборот текширилаётганини билдирди.
Бир неча ҳафта сукунат
Агарда Ким Чен Ин ҳақида мавжуд ахборотга қарасак, КХДР етакчиси 11 апрелдан бери оммага кўриниш бермагани, илк бор 15 апрель куни бобосининг туғилган куни муносабати билан миллий байрамда иштирок этмагани маълум бўлади. Шимолий Кореянинг КМТА (Корея марказий телеграф агентлиги) Ким 11 апрелдан кейин телеграмма ва табриклар юборганини маълум қилди.
2014 йилда Ким Чен Ин бир ярим ой оммага кўринмаганди. Кейин эса у оёғидан жароҳат олгани маълум бўлганди. Аммо ўшанда ҳам КХДР етакчисини “кўмиш”га улгуришганди.
Маълумки, Ким кўп тамаки чекади, унинг семизлиги эса наслий қанд диабети касаллиги билан боғлиқ. Бу икки омил юрак-қон томир тизимидаги муаммоларнинг хавфини орттиради. Шунинг учун, Ким навбатдаги сафари давомида бетоб бўлиб қолгани ҳақидаги хабарни буткул рад қилиб бўлмайди. Бироқ юрак ҳуружи қаерда-ю, комага тушиш қаерда.
Меросхўрликка даъвогарлар
Мутахассиснинг сўзларига кўра, бундай вазиятда Ким Чен Иннинг давомчиси ким бўлиши масаласи мавҳумлик назариясига асосланяпти. Биринчи даражали номзод сифатида Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Жон кўриляпти. У акасидан уч ё тўрт ёш кичик деб ҳисобланади.
Синглиси акасининг мамлакат бўйлаб ва ҳатто хорижий сафарларида ҳам унга ҳамроҳлик қилади. Ким Ё Жон ташқи оламда ташвиқот олиб бориш масалаларига жавоб беради, деб ҳисобланади. У 2020 йилдан эса ОАВга расмий баёнотлар бера бошлади. Ё Жон шимолликларнинг олимпия делегациясига раҳбарлик қилган мусобақадан кейин икки корейс давлати ўртасида илиқлик юзага келди. Албатта, унда ҳозирча расмий меросхўр мақоми йўқ. Умуман КХДРдек ёпиқ ва ҳарбийлашган давлатда аёл раҳбар бўлиши эҳтимолдан йироқ.
Ким Чен Иннинг синглисидан ташқари акаси Чон Чхол ҳам бор. У 1981 йил туғилган ва 2009 йилгача айнан у меросхўр сифатида кўрилган. Ким Чен Ин ҳарбий соҳада каръера қилган бўлса, акаси Коммунистик партиянинг ташкилий бўлимида фаолият юритган. Чон Чхол укаси ҳокимиятга келгач, сиёсий майдондан йўқолиб қолган. Ука вафот этса, сингилдан кўра аканинг ҳокимиятга келиши мантиқлироқдек кўринади.
Кимлар сулоласига мансуб бўлган Ким Пхён Ир ҳам бор. У Ким Чен Ирнинг ота бир она бошқа укаси. Балки шунинг учун, кўп вақтини Шарқий Европа давлатларида элчилик билан ўтказган. Аммо у яқинда Ватанига қайтган.
Кимлар оиласидан бўлмаган бирининг ҳокимиятга келиши каби сценарий ҳам йўқ эмас. Аммо бунинг имкониятлари жуда оз.
Орзу ва башоратлар
Нималарни унутмаслик керак? Биринчидан, Шимолий Кореяда ҳар галги ҳокимият алмашинуви КХДРнинг “умри оз қолгани” ҳақидаги тахминлар билан бўлган. Раҳбар алмашганида диктаторлик 2-3 йилда тугаши, Жануб Шимолни харитадан “супуриб” ташлаши каби фикрлар илгари сурилган. Ким Чен Ир эса ҳатто енгил ҳаётга ўрганган Президент сифатида кўрилган. Бироқ у 1994-2011 йиллар давомида ҳокимиятда туриб, мамлакатни таназзулдан сақлаб қолган ва ҳозирги ядро дастурининг асосини яратган.
Ким Чен Инни эса жуда ёш эканини айтиб, тажрибали сиёсатчилар уни йўриғига солиб олиши тахмин қилинганди. Аммо Ким Чен Ир вафотидан бир йил ўтиб, унинг дафн маросимида тобутини кўтарган 8 кишидан фақатгина ўғли тирик қолди. Шу билан бирга, у “ёпиқлик” шароитида ислоҳотлар олиб боришини ва мамлакатга ядровий қалқон қуришини эълон қилди.
Иккинчидан, КХДРнинг ҳар бир раҳбари тизимни ўзига мослаштириб олган. Натижада КХДРда “абадий президент” ва “абадий бош котиб” шаклланган. Катта эҳтимол билан Ким Чен Индан кейинги раҳбар ҳам тизимда ўзгаришлар қилади.
Ўзгариш деганда, кескин ташқи сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни кутиш хомҳаёл. Шимолий Кореядаги вазият кўп томондан ташқи омиллар натижасида шаклланган ва радикал геосиёсий муҳит ўзгармасидан мамлакатда бирор нарса ўзгаришини кутиб бўлмайди. Бундан ташқари, Жанубий Корея Конституцияси бутун яриморолга амал қилиши белгиланган ва Корея Республикасининг миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонуни КХДРни давлатга қарши ташкилот сифатида кўради. Содда қилиб айтганда, расмий Сеул Пхеньянга ўз ҳудуди сифатида қарайди.
LiveБарчаси