Ким Чен Ин қаерда? Бу саволга жавоб топилди
Олам
−
27 Апрель 2020
63494Ўтган ҳафта якунида Корея Халқ Демократик Республикаси Давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин ўлик ё тириклиги асосий масала сифатида кун тартибига чиқди. Икки ҳафта давомида омма қаршисида кўриниш бермаган Иннинг ҳолати бўйича Шимолий Корея расмийлари маълумот бериб борган бўлса-да, ўлим ҳақидаги хабарларни буткул рад этгани йўқ.
Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг ташқи сиёсат бўйича катта маслаҳатчиси Моон Чонг Ин CNN’га Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларга нисбатан изоҳ берди.
“Ҳукуматимиз ўз позициясида собит. Ким Чен Ин тирик ва соғлиғи яхши. У 13 апрелдан буён Вонсан (Шимолий Кореядаги шаҳар) ҳудудида. Ҳозирга қадар ҳеч қандай шубҳали ҳолатлар аниқлангани йўқ”, дейди Президент маслаҳатчиси.
Шимолий Корея муаммоларини ўрганиб борувчи АҚШнинг “38 North” сайти сунъий йўлдош фотосуратларига таяниб, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг поезди 21-23 апрель кунлари мамлакатнинг Вонсан шаҳри ҳудудида пайдо бўлгани ҳақидаги маълумотни илгари сурмоқда. “Ренхап” агентлигига кўра, Ким Чен Ин коронавирусдан сақланиш учун Вонсан шаҳридаги қароргоҳига жойлашган. Ҳолбуки мамлакатда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган.
Вонсанда Ким Чен Инга тегишли уй мавжуд бўлиб, шаҳар Япон денгизи соҳилида жойлашган. Бир неча йил олдин Ким Чен Ин уни дунё миқёсидаги курортга айлантиришга буйруқ берган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ким Чен Ин 11 апрелдан буён омма олдида кўриниш бермайди. Бу орада унинг юрак жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргани ҳақида гаплар тарқалди. Орадан вақт ўтиб унинг вафот этгани ҳақида расмий манбаларга таянилган хабарлар пайдо бўлди.
25 апрель куни Гонконгда жойлашган HKSTV сунъий йўлдош радиоэшиттириш компанияси вице-президенти Ким Чен Иннинг вафоти ҳақида хабар қилган эди. КХДР давлат радиоси эса мамлакат фуқароларига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўлими ҳақидаги миш-мишларга қарамай унинг фаолиятини давом эттираётганини маълум қилди.