Ким Чен Ин тирик. У 20 кун деганда оммага кўриниш берди

Олам 20483
image

Корея Халқ Демократик Республикаси Давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин 20 кундан сўнг илк бор оммага кўриниш берди. Бу ҳақда Жанубий Корея ахборот агентлиги “Рёнхап” хабар тарқатди.

"Reuters" агентлиги эса KCNA (Корея марказий телеграф агентлиги)га таяниб унинг оммага кўриниш берганини, аммо бу хабарни ўз манбалари асосида текшириб кўриш имкони йўқлигини билдирди. Ким Чен Ин ўғит ишлаб чиқаришувчи заводнинг очилишига ташриф буюрган. Аммо ҳозирча завод очилишидан фото ёки видео эълон қилинмади.

КХДР етакчиси 11 апрель – Корея Меҳнат партияси Марказий Қўмитасининг Сиёсий бюросининг ички сиёсат масалалари бўйича йиғилишини ўтказгандан бери жамоатчилик олдида кўринмаётганди. Хусусан, Ким Чен Ин 12 апрель куни Олий Миллий Мажлиснинг йиллик сессиясида иштирок этмади ва унинг ҳукмронлик қилганидан бери биринчи марта 15 апрель куни Ким Ир Сеннинг 108 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган Кумсусан Қуёш Саройидаги маросимда қатнашмади.

Асосий давлат байрамида мамлакат раҳбарининг йўқлиги Ким Чен Иннинг касаллиги ҳақида мишмишларга сабаб бўлди. Кейинроқ, CNN телеканали Америка маъмуриятидаги манбага таяниб, Вашингтонда КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг жарроҳлик операциясидан сўнг, соғлиғи ёмонлашгани ҳақида маълумот ўрганилаётганини айтди.

25 апрель куни Гонконгда жойлашган HKSTV сунъий йўлдош радиоэшиттириш компанияси вице-президенти Ким Чен Иннинг вафоти ҳақида хабар қилган эди. КХДР давлат радиоси эса мамлакат фуқароларига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўлими ҳақидаги миш-мишларга қарамай унинг фаолиятини давом эттираётганини маълум қилди.

Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг ташқи сиёсат бўйича катта маслаҳатчиси Моон Чонг Ин CNN’га Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларга изоҳ бериб, Шимол етакчиси тирик ва соғлигини маълум қилди.

Шимолий Корея муаммоларини ўрганиб борувчи АҚШнинг “38 North” сайти сунъий йўлдош фотосуратларига таяниб, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг поезди 21-23 апрель кунлари мамлакатнинг Вонсан шаҳри ҳудудида пайдо бўлгани ҳақидаги маълумотни илгари сурганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 669
Рейтинг: 3
t
×