У Ленин сабаб бошланган “бошқарув мактаби”нинг содиқ вориси – Расул Кушербоев Шуҳрат Абдураҳмонов ҳақида гапирди

Жамият

image

Аввалроқ, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг журналистларни камситгани ва шикоятчи 5-6 аёлни 15 суткага қаматиб юборгани акс этган овозли ёзув тарқалган эди. Кўп ўтмай Андижон вилояти ҳокимлиги ушбу овозли ёзув ҳақиқатан ҳам Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли эканини айтиб, бу овозли ёзув бундан 2 йил аввал тарқалганини иддао қилди

Вилоят ҳокимлиги Абдураҳмонов билан боғлиқ воқеани қанча ҳаспўшлашга уринмасин, аллақачон овозли ёзув жамоатчилик орасида тарқалиб, кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Бу ерга гап воқеанинг қачон бўлганида ёки овозли ёзув қачон ёзиб олинганида эмас, ҳоким шу ишга қўл урганида бормоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳам шу фикрда. У Шуҳрат Абдураҳмоновни Ленин сиёсатининг вориси эканини айтади. 

“Бир шахсда ваколатларнинг ҳаддан ортиқ кўп бўлиши атрофдагиларга қимматга тушадиган хатоларга сабаб бўлади. Устига устак агар бундай ваколат эгаси тарбиядан йироқ, муомила маданияти йўқ, билими паст, иккиюзламачи бўлса бу – чинакам фожиа.
 
Кўплаб амалдорларнинг қўпол муомиласи ва қонунларга “тупуриб қўйиб” феодал замон каби кимни истаса ўшани “15 суткага” қаматиб юбориш принципи яқин тарихда пайдо бўлиб қолган бошқарув услуби эмас. Мен буни Ленин инқилобидаги “ҳокимият, бошқарувни деҳқон ва юпунларга бер”, деган сиёсатнинг оқибати, деб биламан. 
 
Ўз даврида билим, одамлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлмаган бир гуруҳ заиф одамларнинг бошқарувга келиши табиий равишда улар томонидан қўрқитиш, сўкиш, дўқ пўписа қилиш орқали бошқариш  "институти"га асос солинишига сабаб бўлган. Ва бу "институт"нинг усуллари бизда ҳали ҳам мева беришда давом этаяпти.
 
Андижон ҳокими масаласида эса ҳоким буни қачон айтгани муҳиммас, муҳими у Ленин сабаб бошланган “бошқарув мактаби”нинг содиқ вориси бўлиб, вакиллик, суд органлари устидан амалда мутлақ ҳокимият ўрнатиб олган феодал замонига мос инсонлиги. 
 
Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнат ва бошқаларга қарши курашиб, дунёга юз тутиб бораётган бир вақтда қанчалар ҳунук ва шармандали ҳолат: ҳеч бўлмаса демократия ҳурмати учун ҳам ҳоким жаноблари Андижоннинг “ҳокими мутлақ” эканлигини билдириб, мақтанмаса бўларди-ку. Биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар “зўр”сизлар!”, дейди Кушербоев.  


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Шуҳрат Абдураҳмонов

Баҳолаганлар

1150

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг