Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ахлоқсиз шоу орқали танилган россиялик блогер билан сурати тарқалди
Local
−
22 June 79287 2 minutes
Кеча, 21 июнь куни Андижон вилоятининг Янги Андижон шаҳрида "Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради" шиори остидаги гала-концертда россиялик машҳур телебошловчи ва блогер Виктория Боня ҳамда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов биргаликда суратга тушди. Суратни Виктория Боня ўзининг Instagram ижтимоий тармоғи орқали обуначиларга улашди.
Маълум қилинишича, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги ёшлар учун концерт тадбирини ташкил этган. Концерт дастурига Жаҳонгир Позилжонов, Шоҳрух рэпер, Шоҳруххон ва яна шу каби турли машхурлар ҳамда 100 минглаб ёшлар ташриф буюрган. Форумда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдурраҳмонов ҳам иштирок этган ва ёшларга табрик йўллаган.
Шу билан бирга, МДҲ мамлакатлари орасида “Дом-2” реалити телевизион шоуси орқали танилган россиялик телебошловчи ва блогер Виктория Боня ҳам концертга ташриф буюриб, ёшлар олдида чиқиш қилган. Тадбирдан сўнг, вилоят ҳокими Боняга гуллар берган ва биргаликда суратга тушган. Телебошловчи суратни Instagram саҳифасига жойлаштирган ҳамда унинг изоҳ қисмида ташаккурнома қоралаган.
“Ўзбекистонда бизни жуда самимий кутиб олишмоқда! Таклиф ва гуллар учун Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга катта раҳмат” деган Боня пост изоҳида.

Маълумот учун, "Дом-2" – Россияда 2004 йилдан 2020 йилгача эфирга узатилган машҳур реалити-шоу ҳисобланади. Лойиҳада ёш йигит-қизлар бир ҳудудда бирга яшаб, жуфтлик бўлишга ва муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, иштирокчилар рамзий "уй қуриш" лойиҳасида ҳам қатнашади. Томошабинлар иштирокчиларнинг кундалик ҳаёти, муносабатлари, жанжаллари ва муҳаббат ҳикояларини кузатиб боради.
Шоу Россия ва бошқа МДҲ давлатларида жуда машҳур бўлган, бироқ доимий жанжаллар, шахсий ҳаётнинг ҳаддан ташқари намойиш этилиши ва баҳсли контент сабабли кўп танқидларга ҳам учраган. Шунингдек, очиқ оилавий саҳналар ва 18+ суҳбатларнинг кўплиги билан ҳам ахлоқий танқидларга дуч келган. Виктория Боня эса ушбу шоунинг 2006 йилдаги сонида иштирок этиб машҳурликка эришган.
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August