Туз ўрнига кир ювиш кукуни: 34 нафар мактаб ўқувчиси заҳарланди
Олам
−
10:00 1227 2 дақиқа
Жорий йилнинг 18 август куни Ҳиндистоннинг Бихар штатидаги Парса ўрта мактабида ўқувчиларга туз ўрнига ювиш воситаси солинган таом берилгани айтилиб, 34 нафар бола шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда “The Independent” хабар берди.
Хабарларга кўра, ўқувчиларга тушликда гуруч ҳамда картошка ва соя маҳсулотидан тайёрланган таом берилган. Айрим болалар овқатда туз етишмаётганидан шикоят қилган. Шундан сўнг уларга туз ўрнига адашиб кир ювиш кукуни берилгани айтилмоқда.
Овқатни истеъмол қилганидан кўп ўтмай болаларда томоқ ва қорин соҳасида ачишиш, бош айланиши ва қусиш каби аломатлар кузатилган. Айрим ўқувчилар ҳушидан кетгани ҳам хабар қилинган.
Мактаб директори Шайлендра Кумар Сингхнинг айтишича, ошхона ходимларидан бири ўқувчилар қўшимча туз сўраганида кир ювиш кукунини туз деб адаштирган.
Бироқ Наланда тумани таълим бўлими вакиллари кир ювиш кукуни овқатга аралаштирилгани ҳақидаги даъвони ҳозирча тасдиқламаган. Расмийлар воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда.
Наланда бош шифокори Жай Пракаш Сингх болаларнинг аҳволи барқарор эканини маълум қилди. Унга кўра, дастлаб ўқувчиларга овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилган.
Бихар штати вазири Шраван Кумар ҳам шифохонага бориб, болаларнинг ҳолидан хабар олди. У воқеа сабабларини аниқлаш учун батафсил текширув ўтказилишини билдирди.
Мазкур ҳодиса Ҳиндистондаги мактабларда бепул тушлик бериш дастури доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Таълим вазири Дхармендра Прадҳан имтиҳон саволлари сизиб чиқиши ортидан мамлакат бўйлаб давом этаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг истеъфога чиққании ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси