Туркиядаги намойишларнинг учинчи кунида 343 киши ҳибсга олинди
Олам
−
22 Март
2704Туркияда Истанбул ҳокими ва мухолифат етакчиси Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан намойишлар давом этмоқда. Кеча, 21 март куни кечқурун намойишчилар тақиқга қарамай, мамлакатнинг йирик шаҳарларида учинчи марта тўпланди. Бунинг ортидан 343 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда бугун, 22 март куни Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Кеча кечқурун Истанбул, Анқара, Измир, Адана, Анталия, Чанаккале, Эскишеҳир, Коня ва Эдирне шаҳарларида бўлиб ўтган намойишларда 343 гумондор қўлга олинди”, деб ёзди вазир.
Президент Ражаб Тойиб Эрдўған намойишларни “кўча террори” ва “тартибсизлик” деб атади.
DPA ахборот агентлиги хабарига кўра, жума куни Истанбулда намойишчилар нафақат Имомўғлини озод этиш, балки ҳукумат истеъфосини ҳам талаб қила бошлаган.
Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, намойишчилар ярим тунгача тарқалмаган. Уларни илгари Туркиянинг йирик шаҳарларида намойишлар ўтказиш тақиқлангани ҳам тўхтата олмади.
“Politico”нинг ёзишича, бир кун аввал Х ижтимоий тармоғи туркиялик фаолларнинг намойишлар ҳақидаги маълумотлар тарқатилаётган аккаунтларини блоклашни бошлаган.
“Катта эҳтимол билан бу Туркия суди қарори билан амалга оширилмоқда”, деб ёзади нашр.
Ички ишлар вазири Ерлиқоянинг 21 март куни маълум қилишича, хавфсизлик кучлари ижтимоий тармоқларда “жиноятга ундаш”да гумон қилинган 326 нафар шахсни аниқлаган, 54 киши қўлга олинган.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси
24 Март
Дўрмонга ўт кетди.
24 Март