Туркия Швецияни НАТОга қабул қилишга рози бўлиши даргумон – “Bloomberg”
Олам
−
13 Июнь 2023
5588Туркия жорий йилнинг 14 июнь куни бўлиб ўтадиган учрашувда Швециянинг НАТОга қўшилиши ҳақидаги таклифини маъқулламаслиги мумкин. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри ўз манбаларига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Анқара ҳали ҳам Швециядан альянсга қўшилишини тасдиқлаш учун зарурий шартларни бажаришга кўпроқ ҳаракатларни амалга оширишини хоҳламоқда.
“Туркия Швециянинг НАТОга қўшилиш тўғрисидаги аризасини тасдиқлашга тайёр эканини аниқ айтмаяпти. Чунки, Скандинавия давлатининг яқинда киритилган қатъий аксилтеррор қонунига умид қилишига қарамай, Туркия Швециянинг НАТОга кириш таклифини маъқуллашга тайёрлигини билдириши даргумон”, дейилади нашр мақоласида.
Таъкидланишича, Анқара Швеция мамлакатда Туркияга қарши намойишларнинг олдини олиш ёки тарқатиб юбориш учун 1 июндан кучга кирган янги аксилтеррор қонунини тўлиқ бажариши кераклигини истамоқда.
Швеция, ўз навбатида, терроризм тўғрисидаги янги қонунни қабул қилиб, келишув бўйича ўз мажбуриятларини бажарганини даъво қиляпти ва Туркия билан терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни яхшироқ мувофиқлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканини таъкидламоқда.
Аввалроқ, 4 июнь куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Швеция Туркиянинг уч томонлама меморандум бўйича талабларини бажарганини ва Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ҳуқуқига эга эканини айтган эди. У қироллик конституциясига киритилган янги тузатишлар қурол эмбаргосининг бекор қилиниши ва терроризмга, жумладан Курдистон ишчи партияси жангари ташкилотига қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришини тақазо этишини эслатган. Бироқ Анқара Швеция расмийлари Туркияда террорчи деб топилган ташкилот вакилларига 4 июнь куни Стокгольмда митинг ўтказишга рухсат берганидан норозилигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Туркиянинг Швецияни блокка қабул қилишдан хавотирлари ўринли эканини таъкидлаганди. Жорий йилнинг 4 июнь куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ўртасидаги музокаралар бўлиб ўтиб, унда Столтенберг Эрдўғанга Швеция НАТОга киришга тайёр эканини билдирган эди. Скандинавия мамлакатининг альянсга қўшилишини АҚШ Президенти Жо Байден ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда. У яқинда Эрдўған билан телефон суҳбатини амалга ошириб, унда Туркия узоқ вақтдан бери истаётган F-16 қирувчи самолётлари ҳақида ҳам муҳокама қилганди. Байден Швеция НАТОга қўшилса, Туркияга F-16 ларни сотишга қарши эмаслигини таъкидлаган.
LiveБарчаси