Туркий Кенгашга аъзо давлатларда аҳвол қандай? Ўзбекистон қайси ўринда бормоқда?
Таҳлил
−
15 Апрель 2020
17311Маълумки, жорий йилнинг 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг фавқулодда саммити бўлиб ўтди. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун видеоанжуман тарзида ўтказилган навбатдан ташқари саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон ушбу ташкилотга 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Президент томонидан имзоланган қонун билан аъзо бўлди ва октябрь ойида Озарбайжоннинг Баку шаҳрида ўтказилган еттинчи саммитда иштирок этди.
Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо.
Айни вақтгача тезлик билан тарқалиб бораётган бу хатарли инфекция 160 миллионга яқин аҳолига эга бўлган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатларни ҳам четлаб ўтгани йўқ.
Касаллик тарқалиши бўйича юқори ўринни нафақат ташкилот доирасида, балки минтақада Туркия эгаллаб келмоқда. Мамлакатда ушбу вирус билан оғриган беморлар 65 111 кишини ташкил этмоқда. Улардан 1 403 нафари вафот этди. 4 799 нафари соғайди. Мамлакатда мавжуд беморлар 58 909 нафарни ташкил этмоқда. Бироқ, мамлакатда кўрилган карантин чоралари ҳамма вақтда ҳам ўзининг кутилган натижасини бермаяпти. Жорий ҳафта бошидан касаллик аниқланиши билан боғлиқ кундалик натижа кунига 4 мингдан ошмоқда.
Кейинги ўринни Ўзбекистондан бироз фарқ билан Қозоғистон эгаллаб турибди. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 13 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача 1290 кишида ушбу вирус аниқланди. Қозоғистон ўлим ва соғайиш борасида ҳам Ўзбекистондан олдинда бормоқда. Мамлакатда инфекция оқибатида 16 киши вафот этди. Жами беморларнинг 240 нафари соғайди. Республикаси 16 мартдан 15 апрелга қадар Фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Кейинроқ, вазият кескин тус олгани сабаб фавқулодда ҳолат режими узайтирилди.
Учинчи ўринда Ўзбекистон бормоқда. 34 миллион аҳолига эга мамлакатда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат 15 март куни аниқланган бўлса, айни вақтда беморлар 1 275 нафарга етган. Улардан 4 нафари вафот этди, 107 нафари соғайди. Мамлакатда мавжуд беморлар 1 164 кишини ташкил этмоқда. Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ чоралар кун сайин кучайтириб борилмоқда. Илк ҳолат қайд этилганига 1 ой, асосий чекловлар кучга кирганига эса 22 кун тўлди.
Ташкилотга аъзо давлатлар орасида Ўзбекистон ва Қозоғистондан бироз фарқ билан тўртинчи ўринда Озарбайжон бормоқда. Мамлакатнинг аҳоли сони (10 млн)га нисбатан коронавирус юқтириб олган беморлари кўпроқ. Айни вақтда ушбу инфекция 1 253 кишида қайд этилган. Улардан 13 нафари вафот этди, 404 нафари соғайди. Мамлакатда мавжуд беморлар 836 кишини ташкил этмоқда. Озарбайжон ҳам бошқа мамлакатлар қатори барча эшикларини ёпиб қўйган. Республикада мутлақ карантин давом этмоқда. Ҳукумат одамларда уйда ўтиришни талаб қилмоқда.
Қирғизистонда коронавирус инфекцияси ё тизгинланди, ё ҳали ҳаммаси олдинда. Мамлакат нафақат ташкилотга аъзо давлатлар орасида, балки минтақа ва дунё миқёсида коронавирус нисбатан кам қайд этилган мамлакатлар қаторида бормоқда. Қирғизистонда ҳозиргача 449 та ҳолат қайд этилди. Улардан 5 нафари вафот этди, 78 нафари соғайди. Мамлакатда мавжуд беморлар эса 366 нафарни ташкил этмоқда.
Айни вақтда ушбу ташкилотга аъзо давлатлар бир-биридаги тажрибани ўрганиб, вирусга қарши биргаликда муросасиз курашишда ҳамкорлик олиб бормоқда. Ўзбекистон куни кеча ўтказилган саммитдан сўнг Озарбайжонга инсонпарварлик ёрдамини юборди. Бошқа мамлакатлар билан алоқалар ҳам шароит тақоза этган даражада давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча ўтказилган саммитда бир қатор таклифларни илгари сурди ва унинг ташаббуслари бир овоздан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча таклиф ва ташаббуслари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши навбатдан ташқари саммитининг якуний ҳужжатида – Баку декларациясида ўз аксини топди.
Ушбу муҳим ҳужжат туркий тилли мамлакатлар раҳбарларининг учрашуви доирасида эришилган келишувларни амалга оширишда сиёсий ва ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь