Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши курашишда 5 та муҳим таклифни илгари сурди
Жамият
−
10 Апрель 2020
20155Аввал хабар берганимиздек, бугун, 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг фавқулодда саммити бўлиб ўтди. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун видеоанжуман тарзида ўтказилган навбатдан ташқари саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда, шунингдек, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қирғиз Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳамда кенгаш бош котиби Бағдат Амреев ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, пандемияга қарши курашиш борасида мамлакатларимизда кўрилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фикр алмашилди. Томонлар эпидемиологик назоратни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилиш, муракккаб шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс тадбирлар тўғрисида маълумот бердилар.
Бу борадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон раҳбари инфекциянинг кенг тарқалишини олдини олиш бўйича таъсирчан ва кенг қамровли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш тизимлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва нисбатан заиф соҳалари учун оқибатларни юмшатиш, очиқ халқаро мулоқотни йўлга қўйиш муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатда коронавирусга қарши олиб борилаётган мислсиз кураш тажрибаси билан ўртоқлашди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсия ва талабларига мувофиқ жорий этилган карантин чоралари тўғрисида сўзлаб берди.
Ўзбекистон ҳудудларида карантин зоналари ва замонавий модуль шифохоналарини барпо этиш ишлари, врачлар учун ижтимоий кафолатларни кенгайтириш, масофавий таълимни ташкил этиш, иқтисодиёт ва бизнесни реал қўллаб-қувватлаш механизмларини йўлга қўйиш бўйича қабул қилинган чоралар, Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш ва прогнозлаш миллий тизими жорий этилаётгани, бошқа тадбирлар алоҳида қайд этилди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишининг оқибатларига қарши самарали курашиш бўйича таъсирчан амалий чоралар кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қатор аниқ таклифлар илгари сурилди, шу жумладан:
• Туркий кенгаш доирасида эпидемиологик ҳолатни мониторинг, таҳлил қилиш ва унинг ривожланишини прогнозлаш бўйича доимий фаолият юритувчи тизим яратиш;
• хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш, диагностика қилиш ва даволаш соҳасида тажриба алмашиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун соғлиқни сақлаш вазирликлари ва етакчи тиббиёт муассасалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш. Шу мақсадда яқин вақтда етакчи экспертлар иштирокида биринчи видеоанжуман ўтказиш;
• Туркий кенгаш котибиятининг мувофиқлаштирувчи функцияларини кучайтириш ҳамда пандемияга қарши курашиш миллий штабтлари билан яқин амалий алоқаларни йўлга қўйиш учун тегишли гуруҳ тузиш;
• транспорт инфратузилмаси ва коммуникацияларидан максимал даражада тўлиқ фойдаланиш, юк ташишда ва уларнинг соддалаштирилган тартибда чегарадан ўтказилишида амалий кўмаклашиш, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг транспорт вазирлари раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузиш орқали юзага келаётган барча масалаларни тезкор ҳал қилиш;
• пандемия оқибатларини юмшатишга кенг халқаро ёрдамни жалб этиш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва ваколатларини янада ошириш, ЖССТ ва Туркий кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш.
Ўзбекистон раҳбари сўзининг якунида шуни алоҳида таъкидлади:
“Ҳаммамизга аёнки, бирон бир давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди.
Биз бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутишимиз лозим. Биз биргаликда кўп нарсага қодирмиз”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча таклиф ва ташаббуслари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши навбатдан ташқари саммитининг якуний ҳужжатида – Баку декларациясида ўз аксини топди.
Ушбу муҳим ҳужжат туркий тилли мамлакатлар раҳбарларининг учрашуви доирасида эришилган келишувларни амалга оширишда сиёсий ва ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.