Тўқаев Россия ва Украинани “яраштириш”га тайёрлигини айтди

Олам

image

Қозоғистон Россия ва Украинани можарони ҳал қилиш учун умумий тил топишга чақиради ва керак бўлса, у воситачи сифатида ёрдам қўлини чўзишга тайёр. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди.  

“Бизнинг позициямиз давлатимиз хавфсизлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашнинг кескин заруратидан келиб чиқиши керак. 2010 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) саммитига мезбонлик қилган давлат сифатида биз Евроосиё хавфсизлигининг ажралмаслиги тамойилида қатъий турибмиз. Бу ҳақда 10 февраль куни Москвага ташрифим чоғида ҳам айтгандим”, деган у. 

Унинг фикрича, бу тамойил ўзаро ишончга асосланган ўзаро тушунишни назарда тутади. 

“Афсуски, бундай бўлмади. Минск келишувлари қоғозда қолиб, Украина ҳудудида ҳарбий амалиётлар олиб борилди. Биз ҳар икки давлатни музокаралар столида умумий тил топишга ва келишувга эришишга чақирамиз. Қозоғистон, ўз навбатида, агар зарур бўлса, ҳар қандай ёрдам, жумладан, воситачилик хизматларини кўрсатишга тайёр”, деган давлат раҳбари. 

Тўқаев, шунингдек, Хавфсизлик Кенгашида бир қатор ишчи учрашувлар ўтказганини ва ҳукумат олдига санкция қарама-қаршилигининг мисли кўрилмаган кескинлашуви шароитида Қозоғистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича аниқ вазифаларни қўйганини эслатган. 

“Иқтисодиётимиз инқирозли вазиятда узлуксиз ишлашини таъминлаш учун санкция чақириқларини қайтаришга тайёр бўлиши керак. Ўйлайманки, биз барчамиз биргаликда келаётган қийинчиликларни енгамиз. Уларнинг мураккаблигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди, лекин бўрттириб ҳам бўлмайди”, деган Президент.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг