Трампнинг одамлари Киевда нималарни муҳокама қилди?
Олам
−
12:49 1046 4 дақиқа
Кеча, 6 сентябрь куни АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Москвадаги музокаралардан кейин Киевда бўлди. Бу ҳақда “Meduza“ хабар берди.
Улар жорий йилнинг 5 сентябрь куни Москвада Владимир Путин билан уч соатдан кўпроқ музокара ўтказган. Россия томони учрашувни фойдали деб баҳолаган, бироқ аниқ келишув эълон қилинмаган.
Америкалик вакиллар аввал Москвадан самолётда Польшанинг Жешув-Ясенка аэропортига йўл олган. Украина ҳаво ҳудудидаги хавфсизлик сабабли улар Польшадан Киевга поездда келган. Зеленский кейинчалик Россиянинг Киевга зарбалари туфайли Уиткофф ва Кушнер Украинага самолётда уча олмаганини айтган.
6 сентябрь куни улар Киевга етиб келган. Уларни дастлаб Украина делегацияси вакиллари – Президент девони раҳбари Кирилл Буданов, Ташқи разведка хизмати раҳбари Рустем Умеров ва “Халқ хизматкори“ фракцияси раҳбари Давид Арахамия кутиб олган. Кейин Зеленский ҳам делегацияни София майдонида кутиб олган.
Зеленский америкалик вакилларни кутиб олгач, уларни Авлиё София собори билан таништирган. Украина Президентининг расмий маълумотига кўра, ташриф дастури айнан шу ердан бошланган.
Кейинроқ Зеленский музокаралар бошланганини маълум қилган. Биринчи босқичда АҚШ ва Украина делегациялари икки томонлама музокара ўтказган. Дастлабки суҳбатларда Украинанинг қиш мавсумига тайёргарлиги ва қишда Россия ҳужумларининг кучайиши эҳтимоли муҳокама қилинган.
Икки томонлама учрашув тахминан уч соат давом этган. Шундан кейин музокараларнинг навбатдаги босқичи бошланган. Бу сафар Украина ва АҚШ делегацияларига Франция, Буюк Британия ва Германиянинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари қўшилган.
Музокараларда Россия – Украина – АҚШ уч томонлама музокараларини қайта тиклаш масаласи муҳим ўрин эгаллаган. Кушнер АҚШ бундай музокараларни қайта бошлашни истaётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг мақсади фақат ҳозирги урушни тугатиш эмас, балки узоқ муддатли ва барқарор тинчлик учун шарт-шароит яратиш.
Уиткофф Киевдаги музокараларни “мазмунли, муҳим“ деб баҳолаган ва АҚШ томони учрашувлардан руҳланганини билдирган. У Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокараларни қайта бошлаш бўйича янгилик “тез орада“ бўлиши мумкинлигини айтган.
Зеленский эса музокараларда ҳудуд масаласи ҳам муҳокама қилинганини айтган. Унинг фикрича, ҳудуд билан боғлиқ энг мураккаб масалалар давлат раҳбарлари даражасида ҳал қилиниши керак. Шу билан бирга, хавфсизлик кафолатлари, иқтисодий кафолатлар, Украина армиясининг келажакдаги кучи ва урушдан кейинги тикланиш масалалари ҳам кўтарилган.
Яна бир муҳим мавзу – Украинанинг қишга тайёргарлиги бўлган. Зеленский АҚШ ва Европадан ҳаво мудофааси, энергетика ва қишки ёрдам бўйича кўмак кутаётганини билдирган. У Украина учун алоҳида “қишки ёрдам пакети“ муҳимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Зеленский урушнинг қишга қадар тугаши борасида эҳтиёткор фикр билдирган. Унинг айтишича, уруш қишда ҳам давом этиши ҳозирча эҳтимолга яқин, шу сабабли Украина АҚШ ва Европанинг қишки ёрдамига таянмоқда.
Зеленский якуний матбуот анжуманида Уиткофф ва Кушнернинг ташрифини музокара жараёнини қайта тиклаш учун муҳим қадам деб баҳолаган. У АҚШ вакилларининг келгани учун АҚШ Президенти Дональд Трампга миннатдорлик билдирган.
Музокаралардан кейин Уиткофф ва Кушнер Киевдан махсус поездда чиқиб кетган. Украина темир йўллари маълумотига кўра, улар бугун, 7 сентябрга ўтар кечаси “Peace Express“ махсус поездида Киевни тарк этган ва Польшага йўл олган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер жорий йилнинг 5–6 сентябрь кунлари Москвага, шундан сўнг Киевга бориши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп улар Россия ва Украина ўртасидаги урушни якунлаш бўйича тинчлик келишувига эришиш учун хорижга йўл олишини маълум қилган. Жорий йилнинг 5 сентябрь куни улар Москвага етиб борган эди.
Шундан сўнг, Путиннинг кўрсатмасига биноан, Уиткофф ва Кушнернинг у ерга ташрифига тайёргарлик кўриш муносабати билан 5 сентябрь ярим кечасидан бошлаб Киевга зарба бериш 3 кунга тўхтатилган. Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам шунга ўхшаш йўл тутган.