Украина ҳам 3 кун Москвага зарба бермайди – Зеленский
World
−
20:40 901 2 minutes
Украина бугун, 5 сентябрдан бошлаб 7 сентябрь кунинг охиригача Москвага зарба беришдан тийилишга тайёр. Киев россияликлар ҳам худди шундай Украина пойтахтига зарба бермаслигига умид қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Президентнинг сўзларига кўра, у ҳозиргача Россия томони билан иш бошлаган АҚШ Президенти вакиллари билан мулоқот ўтказган. Ушбу мулоқот дақиқаларидан бошлаб томонлар музокаралар жараёнига жалб қилинган шаҳарларга нисбатан ҳаво зарбаларини тўхтатиш режимига риоя қилишга тайёр.
“Бундан буён ва ушбу шанба суткасининг охиригача, якшанба ва душанба кунлари Украина Москвага зарба беришдан тийилишга тайёр ва россияликлар ҳам Киевга зарба бермайди, деб умид қиламиз”, дейди Зеленский.
Президент, шунингдек, Мудофаа вазири Евгений Хмара ва Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Михаил Драпатийнинг фронтдаги вазият, ҳаво таҳдидлари динамикаси ва Украинанинг фаол мудофаа операциялари бўйича ҳисоботларини тинглаганини маълум қилган.
Зеленский дипломатик йўналишда Украинанинг ҳаракатлари худди шундай кучли ва самарали бўлишини таъкидлаган.
“Стив Уиткофф ва Жаред Кушнерни кутяпмиз ва мазмунли мулоқотга тайёрмиз”, деб қўшимча қилган Украина Президенти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кремль Россия Президенти Владимир Путиннинг уч сутка давомида – 6 сентябрь ярим кечасидан 9 сентябргача Киевга зарба бермаслик ҳақидаги кўрсатмасини эълон қилган эди. Кремль бу ҳолатни пойтахтда музокараларга тайёрланиш ва ўтказиш билан боғлаган.
Шу билан бирга, Дезинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари Андрей Коваленко Кремль томонидан эълон қилинган танаффус фақат Киевга тегишли эканига, Киев вилояти ва бошқа минтақалар ҳақида гап бормаётганига эътибор қаратган.
Live
All