Трамп ва унинг ўғиллари фирибгар деб топилди
Олам
−
27 Сентябрь 2023
7708Нью-Йорк суди АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ва унинг уч ўғлини фирибгарликда айбдор деб топди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Судья Артур Энгорон бош прокурор Летития Жеймснинг қисқача ҳукм чиқариш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантириб, Трамп ва унинг ўғилларини Нью-Йорк штати қонунларининг “тизимли равишда бузилиши учун қонуний жавобгар” деб топган.
Унга кўра, қарийб ўн йил давомида Трампларнинг банклар ва суғуртачиларга тақдим этган молиявий ҳисоботлари сохта бўлгани аниқланган. Судьянинг таъкидлашича, шу тариқа Трамплар бир неча бор фирибгарлик қилган. Бош прокурор 250 миллион доллар товон пули, Трампларнинг Нью-Йоркдаги бизнес етакчилари сифатида фаолият юритишини тақиқлашни ва компанияга беш йил давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслик жазоси тайинланишини сўраган.
Штат Олий суди судьяси Трамп ўзининг сохта молиявий ҳисоботларини қонуний ҳимоя қилишини Чико Маркснинг “Ўрдак шўрваси” комедиясидаги “Кимга ишонасиз – менгами ёки ўз кўзингизга?” деган сатрига қиёслаган.
Трамп адвокати Кристофер Кейс эса бу қарорни “фактлар ва қонунларга мутлақо алоқаси йўқ” деб атаган.
“Ушбу қарорнинг тўлиқ таъсири номаълум бўлиб қолсада, аниқ нарса шундаки, президент Трамп ва унинг оиласи ушбу адолатсизликни тузатиш учун барча чораларни қидиради”, деган Кейс.
Билдирилишича, суд қарори Бош прокуратура ўзининг дастлабки икки даъвосида ғалаба қозонгани ва маълум миқдорда товон пули олишини англатади – суд жарима миқдорини кейинроқ белгилайди.
“Bloomberg”нинг аниқлик киритишича, бу фуқаролик даъвоси ва суд қарори якуний эмас – иш 2 октябрда яна давом этади. Ҳозирда суд Трамп ҳамда собиқ президентнинг ўғиллари Эрик ва кичик Дональд ҳужжатларни тайёрлашда активларни ва соф қийматни ошириб юбориш орқали банклар, суғуртачилар ва бошқаларни алдаган, деган хулосага келган.
“The New York Times”нинг ёзишича, Трамп ўз активларини 2,2 миллиард долларга ошириб кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача собиқ президент Дональд Трампга қарши тўртта жиноий иш очилган. Булар махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш, молиявий ҳисоботларини сохталаштириш, 2020 йилги сайловларда мағлуб бўлганига қарамай, ҳокимиятда қолишга ва сайловлардаги мағлубиятини бекор қилишга уриниш ҳисобланади. Аввалроқ Трамп Жоржия штатидаги Фултон округи қамоқхонасига бориб, у ерда 2020 йилги сайловга аралашиш иши бўйича расмий равишда ҳибсга олинганди. Аммо у 200 минг доллар гаров эвазига озод қилинган.
LiveБарчаси