Трамп қамалиб чиқди
Олам
−
25 Август 2023
7734АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Жоржия штатидаги Фултон округи қамоқхонасига етиб келди ва у ерда 2020 йилги сайловга аралашиш иши бўйича расмий равишда ҳибсга олинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қамоқхонада Дональд Трампнинг бармоқ излари олиниб, тинтув қилинган ва суратга туширилган. Шундан сўнг, у 200 минг доллар гаров эвазига озод қилинди.
Трамп айбини тан олмаяпти. У содир бўлаётган воқеаларни "адолат пародияси" деб атаган ва унга қарши ишни 2024 йилда АҚШда бўлиб ўтадиган "сайловларга аралашиш" деб ҳисобламоқда.
“Бу ерда содир бўлган воқеа адолат пародиясидир. Биз ҳеч қандай ёмон иш қилмадик”, деган у қамоқхонадан кетаётиб журналистларга.
Фултон округи шериф идораси эса собиқ президентнинг маълумотларини ва магшот (жиноятчининг ҳибсга олинганидан кейин олинган фотосурати)ни эълон қилган. Унга кўра, Трампнингнинг вазни 97,5 килограмм, бўйи 190,5 сантиметр эканлиги маълум бўлган.
Ўз навбатида, Дональд Трампнинг ўзи ҳам узоқ танаффусдан сўнг, X ижтимоий тармоғига (собиқ Twitter) ўзининг биринчи пости сифатида қамоқхонада тушган суратини жойлаштирган. Сурат тарихий аҳамиятга эга, чунки АҚШнинг собиқ ёки амалдаги президенти ҳеч қачон қамоқхонада суратга тушмаган. Суратга “ҳеч қачон таслим бўлманг” ва “сайловга аралашиш” ёзувлари қўйилган ҳамда сиёсатчининг веб-сайтига ҳавола илова қилинган.
Маълумот учун, Жоржия судьяси жорий йилнинг 23 октябрь куни сайловга аралашиш бўйича ишни кўришни бошлайди, унда яна 18 киши иштирок этади. Катта ҳакамлар ҳайъати ўтган ҳафта бу иш бўйича айбловларни тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача собиқ президент Дональд Трампга қарши тўртта жиноий иш очилган. Булар махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш, молиявий ҳисоботларини сохталаштириш, 2020 йилги сайловларда мағлуб бўлганига қарамай, ҳокимиятда қолишга ва сайловлардаги мағлубиятини бекор қилишга уриниш ҳисобланади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15