Трамп Мексика ва Канада товарларига бож йиғимларини яна тўхтатди
Олам
−
07 Март
3607АҚШ Президенти Дональд Трамп Канада ва Мексика товарларига нисбатан божхона йиғимларини деярли бир ойга кечиктириш тўғрисида қарор имзолади. Аммо бу барча товарларга тааллуқли эмас. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Телеканалга кўра, ушбу қарорда АҚШга Канада ва Мексикадан келадиган USMCA эркин савдо келишуви доирасига кирувчи товарлар ҳақида гап кетмоқда. USMCA – бу АҚШ, Мексика ва Канада ўртасида Трампнинг биринчи президентлик даврида имзоланган келишув бўлиб, у учта Шимолий Америка мамлакатини эркин савдо ҳудудига айлантиради.
Трамп олдинроқ Мексиканинг барча товарларга нисбатан божхона йиғимларини USMCA келишуви доирасида тўхтатишини эълон қилган. Кейинроқ эса имзоланган қарорга Канада ҳам қўшилган. Трампнинг ўзи буни Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум билан олиб борган суҳбатидан кейин қабул қилганини тушунтирган. Унинг сўзларига кўра, ушбу товарларга нисбатан божхона йиғимлари 2 апрелдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни АҚШ Канада, Хитой ва Мексика товарларига божхона йиғимлари жорий этилиши ҳақида эълон қилган эди. Канада ва Мексика товарларига 25 фоиз, Хитой товарларига эса 10 фоиз божхона йиғимлари жорий этилиши маълум қилинганди.
Бунга жавобан Канада ва Мексика қарши божхона йиғимлари киритилиши ва энергия ресурслари ҳамда муҳим материаллар билан боғлиқ чораларнинг қўлланилиши ҳақида эълон қилди. Хитой ҳам АҚШга қарши Жаҳон савдо ташкилотига мурожаат қилишга ваъда берди.
Кейинчалик Мексика ва Канада Трамп билан бир ойга, 3 мартга қадар божхона йиғимларини кечиктириш бўйича келишиб олишгани маълум бўлди.
Март ойида эса тарифлар кучга кирди. Бу сафар АҚШ Хитой товарларига 10 фоиз эмас, 20 фоизлик бож йиғими жорий қилди. Хитой эса Дональд Трампнинг бож тарифлари сиёсатига жавобан 10 мартдан бошлаб Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча 10-15 фоиз бож жорий қилади. Қўшимча 15 фоиз бож товуқ гўшти, буғдой, маккажўхори ва пахта маҳсулотларига татбиқ этилади. Сорго, соя дуккаги, чўчқа ва мол гўшти, балиқ маҳсулотлари, мева, сабзавот ҳамда сут маҳсулотларига эса 10 фоизлик бож жорий қилинади. Канада ҳам 155 миллиард Канада доллари миқдоридаги Америка товарларига 25 фоизлик бож жорий қилди.
LiveБарчаси