АҚШ Канадага ҳам божларни бир ойга музлатди
Олам
−
04 Февраль
2140Канада Бош вазири Жастин Трюдо АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали музокара ўтказиб, АҚШ томонидан жорий этилиши режалаштирилган божхона тўловларини камида 30 кунга тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Трюдо ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
“Мен ҳозиргина АҚШ Президенти Дональд Трамп билан яхши суҳбат ўтказдим. Таклиф этилган тарифларнинг жорий этилиши камида 30 кунга тўхтатилади. Канада қиймати 1,3 миллиард доллар бўлган чегара хавфсизлиги бўйича режамизни амалга оширмоқда – биз чегарани янги вертолётлар, технологиялар ва кадрлар билан мустаҳкамлаш, АҚШдаги ҳамкорларимиз билан ҳамкорликни яхшилаш ҳамда наркотик оқимини тўхтатиш учун ресурсларни ошириш устида ишлаяпмиз”, деб ёзди Трюдо музокарадан сўнг.
Маълумот учун, олдинроқ Дональд Трамп АҚШнинг “ҳеч қандай сабабсиз” Канадага юзлаб миллиард долларлаб субсидия ажратаётганини таъкидлаб, Канада ҳукуматини солиқларни пасайтиришга ва мудофаа соҳасига кўпроқ сармоя киритишга чақирганди.
Қайд этиш жоиз, 1 февраль куни Дональд Трамп Мексика ва Канададан олиб келинадиган маҳсулотларга 25 фоиз, Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга эса 10 фоиз божларни жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаганди. Канададан импорт қилинадиган энергия ресурсларига қўлланиладиган божхона божлари 10 фоизни ташкил этарди. Ушбу тарифлар Канада нефть, газ ва электр энергиясини ўз ичига олган барча энергетика тармоғига тааллуқли бўлиши керак. 2 февраль куни эса Канада ҳукумати АҚШ ҳаракатларига жавобан бугун, 4 февралдан бошлаб АҚШ маҳсулотларига ҳам 25 фоиз божхона божларини жорий этишни ва бу чора гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, мева, сабзавот ҳамда алкоголли ичимликларни қамраб олишини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексика ҳукумати шимолий – АҚШ билан чегарага қўшимча равишда 10 минг нафардан ортиқ Миллий гвардия аскарларини юбориши эвазига АҚШ томонидан Мексика маҳсулотларига нисбатан жорий этилган божхона тарифларининг амал қилиши бир ойга тўхтатилганди.