Трамп машҳур баскетболчи Леброн Жеймсни “ирқчи” деб атади

Спорт

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп баскетбол юлдузи Леброн Жеймсни “ирқчи” деб атади ва NBA тарихидаги энг яхши ўйинчи сифатида Майкл Жорданни танлашини айтди. Бу ҳақда Трамп Оқ уйдаги матбуот анжуманида сўз очди.

Дональд Трамп Оқ уйдаги матбуот анжуманида NBA тарихидаги энг яхши ўйинчи ҳақидаги саволга жавоб берар экан, баскетбол юлдузи Леброн Жеймсни танқид қилган.

“Майкл Жордан менинг дўстим. Биз у билан гольф ўйнаймиз. У жуда яхши инсон. Менимча, Леброн, балки у ирқчидир, балки у Трампни ёқтирмас. Билмайман. Мен фақат мени ёқтирадиган одамларни ёқтираман. Шунинг учун мен учун Майкл Жордан энг яхшиси”, деган Трамп.

Трампнинг баёноти Леброн Жеймс кеча, 24 июль куни фаолиятини Филадельфия клубида давом эттиришини эълон қилганидан сўнг янгради. Ҳозирча Жеймс Трампнинг сўзларига муносабат билдирмаган.

Маълумот учун, Леброн Жеймс Трампнинг президентлик даврларида унинг мунтазам танқидчиларидан бири бўлиб келган. У президентлик сайловларида демократлар номзодлари Ҳиллари Клинтон, Жо Байден ва Камала Харрисни қўллаб-қувватлаган.

2017 йилда NBA чемпионларини Оқ уйга таклиф қилиш масаласидаги баҳс ортидан Жеймс Трампни “аблаҳ” деб атаган эди.

41 ёшли Леброн Жеймс NBA’да тўрт карра чемпион ва тўрт карра энг қимматли ўйинчи (MVP) ҳисобланади. Шунингдек, у лига тарихида энг кўп очко тўплаган ва энг кўп ўйинда қатнашган баскетболчи ҳисобланади.

63 ёшли Жордан эса 1990-йиллардаги фаолияти давомида “Чикаго Буллз” сафида олти марта NBA чемпиони бўлган ҳамда беш марта Лиганинг энг қимматли ўйинчиси (MVP) деб топилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг