Трамп Исроилнинг Эронга зарбасини қўллаб-қувватлашдан бош тортди – NYT

Олам

image
АҚШ Эрон масаласини тинч йўл билан ҳал қилмоқчи north_east

АҚШ Эрон масаласини тинч йўл билан ҳал қилмоқчи

АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилнинг Эрон ядровий иншоотларига зарба беришни режалаштираётганини қўллаб-қувватлашдан бош тортди ва Теҳрон билан музокара қилишни афзал кўрди. Бу ҳақда 16 апрель куни Америка маъмурияти вакиллари ва бошқа манбаларга таяниб, “The New York Times” газетаси хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Исроил жорий йилнинг май ойида Эрон ядровий иншоотларига ҳужум қилишни режалаштирган. Операциядан мақсад Эрон ядро дастурининг ривожланишини камида бир йилга секинлаштириш эди.

Аммо уни муваффақиятли амалга ошириш учун Қўшма Штатларнинг қўллаб-қувватлаши керак эди – ҳам Эроннинг қасос олишига қарши ҳимоя, ҳам ҳужумнинг асосий қисмини Қўшма Штатлар қилиши учун.

“Маъмурият доирасида бир неча ой давом этган мунозаралардан сўнг Трамп ҳарбий сценарийдан воз кечиб, асосий эътиборни Эрон билан ядро дастурини чеклаш бўйича музокараларга қаратишга қарор қилди”, деб ёзади NYT.

Оқ уй раҳбари бу ҳақда 7 апрель куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга маълум қилган. Шу билан бирга, АҚШ Президенти Вашингтон ва Теҳрон ўртасида музокаралар бошланганини ошкора эълон қилган.

Нетаньяхунинг Трамп билан учрашувдан сўнг иброний тилидаги баёнотида айтилишича, Эрон келишуви барча ядровий иншоотлар портлатиб юборилса ва жиҳозлар “Америка назорати остида” демонтаж қилинсагина ишлайди.

12 апрель куни Уммон пойтахти Маскатда Эрон ва АҚШ ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича биринчи билвосита музокаралар бўлиб ўтди. Америка томонидан Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф, Эрон томонидан эса мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи иштирок этди. Уммон Ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайдий музокараларда воситачи сифатида иштирок этди.

Уиткоффнинг сўзларига кўра, музокаралар “жуда ижобий ва конструктив” бўлган. Ароқчи ҳам бу музокаралар муҳитини конструктив ва “ўзаро ҳурматга асосланган” деб таърифлади. Музокараларнинг иккинчи раунди эртага, 19 апрель куни Римда ўтказилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг