АҚШ Эрон масаласини тинч йўл билан ҳал қилмоқчи

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишни мақсад қилган ва бу борада Уммонда Эрон билан музокаралар олиб бориш ниятида. Бу ҳақда АҚШ Президенти махсус вакилининг ўринбосари Морган Ортагус “The National ” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

“Келинг, бир нечта дастлабки учрашувларни ўтказайлик ва тинч йўл билан ечим топиш учун умумий асос топиш имконияти бор-йўқлигини кўриб чиқайлик. Маъмуриятимиз аниқ натижалар ва эришиш мумкин бўлган мақсадларга эътибор қаратмоқда. Жамоамиз таркибида кўплаб ишбилармон доира вакиллари бор ва биз битимларни яхши кўрамиз. Биз уларга қандай эришишни биламиз. Бизни жараённинг ўзи унчалик ташвишга солмайди”, деган у ўз интервьюсида.

Унинг қўшимча қилишича, Эрон ва АҚШ маъмурияти ўртасида ҳали расмий музокаралар бўлмаган, шунинг учун бу ҳақиқатан ҳам муҳим қадам бўлади.

“Ҳозир шунчаки музокаралар столига ўтириб, алоқа нуқталарини топишга ҳаракат қилиш муҳим. Томонлар ўртасида жиддий ишончсизлик мавжуд”, дея қўшимча қилган у.

Маълумот учун, 12 апрель куни Уммонда АҚШ ва Эрон вакилларининг учрашуви бўлиб ўтади, унда Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни тартибга солиш параметрларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Оқ уйнинг таъкидлашича, музокаралар бевосита, Теҳроннинг таъкидлашича, воситачилар орқали олиб борилади. Америка делегациясига Президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф, Эрон делегациясига эса Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бошчилик қилади.

Теҳрон келажакда келишувдан чиқишга қарор қилиши мумкин бўлган томонга қарши санкциялар жорий этиш имкониятини ҳужжатда белгилашни таклиф қилиб, Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини такомиллаштиришни талаб қилмоқда. АҚШ, ўз навбатида, нафақат Эрон ядро дастурининг ҳарбий қисми ривожланишига йўл қўймасликни, балки Эроннинг барча ядровий объектларини тўлиқ йўқ қилишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, Вашингтон Теҳроннинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши ва Эроннинг баллистик ракеталарни ишлаб чиқиш дастурини чеклашни талаб қилмоқда.

Эрон ўзининг ташқи сиёсий ва мудофаа имкониятларини чеклашга қаратилган ҳар қандай уринишларни қатъиян рад этиб, тинч ядро энергетикасини ривожлантиришга бўлган ҳуқуқини таъкидлаб келади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Тэмми Брюс кеча, 8 апрель куни брифингда Уммонда АҚШ ва Эрон делегациялари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган тадбирни музокаралар эмас, балки учрашув деб таърифлаш мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Америка Қўшма Штатлари Аббос Ароқчи Стив Уиткофф ядровий дастур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг