Тожикистонда ажрашиш нархи икки баравар оширилди

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон жорий йилнинг 1 октябрь куни қонунчиликка ўзгартиришлар киритди. Унга кўра, никоҳни бекор қилиш учун давлат божи миқдори оширилди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.  

Янги тузатишларга кўра, ажрим қуйидагича қимматлашади:

  • Эр-хотиндан бири ариза топширса – 75 сомонидан 150 сомонигача (97 минг сўмдан 194 минг сўмгача);
  • Эр-хотин биргаликда мурожаат қилса – 375 сомонидан 750 сомонигача (485 минг сўмдан 971 минг сўмгача);
  • Суд қарори – 525 сомонидан 1050 сомонигача (680 минг сўмдан 1 млн 360 минг сўмгача).

Шундай қилиб, бож миқдори икки баравар кўтарилган. Қонун расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.

Мамлакат парламенти бундай чораларни ажримлар сонини камайтириш истаги билан изоҳлаган. Қайд этилишича, ўтган йил декабрь ойида ҳам бож 72-108 сомонидан 500 сомонигача оширилган.

Нашрнигнг ёзишича, ажримлар Тожикистонда жиддий ижтимоий муаммо бўлиб қолмоқда. Расмий статистик маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 4117 та ажрим қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 291 тага кам. Шунга қарамай, ҳукумат вазиятни ташвишли деб ҳисобламоқда. Аёллар ва оилалар ишлари қўмитаси раиси Бинафша Файзиддинзода ажримларнинг асосий сабабини эрта никоҳ ва ёш қизларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги билан изоҳламоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 21 сентябрдан бери Тожикистонда электр энергиясига расман эмас, амалда чеклов жорий қилингани ҳақида хабар берилган эди. Турли ҳудудларда яшовчиларнинг хабар беришича, уларнинг уйларида кунига бир неча соатгина электр қуввати бор. Мамлакатда электр узилишлари нафақат маиший, балки ижтимоий муаммога айланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон ажрашиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг