Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара низолари ниҳоясига етмоқда
Олам
−
23 Декабрь 2023
5994Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари делегацияларининг делимитация ва демаркация бўйича топографик ишчи гуруҳлари умумий давлат чегарасининг қарийб 12 километри бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Тожикистон миллий ахборот агентлиги “Ховар” хабар берди.
“Топографик ва ишчи гуруҳлар Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасининг яна 11,88 километри бўйича келишиб олди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, гуруҳлар 17-23 декабрь кунлари Бустонда (Сўғд вилояти) иш олиб борган, уларнинг навбатдаги йиғилиши Қирғизистонда бўлиб ўтади ва томонлар унда давлат чегарасининг қолган участкалари демаркациясини аниқлаши кутилмоқда.
Маълумот учун, Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 980 км дан ортиқ ва Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ўнлаб баҳсли ҳудудлар сақланиб қолган. Баҳсли ҳудудларнинг мавжудлиги тортишувларга, шунингдек, қуролли тўқнашувларга олиб келмоқда. Делимитация бўйича музокаралар 2002 йилнинг декабридан бери давом этяпти.
Томонлар Қирғизистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувда давлат чегарасининг қолган участкаларини кесиб ўтишни аниқлашни давом эттиришга келишиб олдилар.
Аввалроқ, бу минтақада томонлар Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган ва Саймўмин Ятимовнинг сўзларига кўра, у қирғизистонлик ҳамкасби Қамчибек Ташиев билан икки асосий масала бўйича делимитация ва демаркация бўйича бир қарорга келган.
"Бу биринчи навбатда Ворух-Хўжаи Аъло йўлига тааллуқли. Биз бу масалани амалда ҳал қилинган, деб ҳисоблаймиз. Иккинчи масала Тожикистон томонидан Қирғизистон ҳудудидаги фойдаланилаётган объектлар ҳақида. Бу борада муҳим қарорга келдик", деган Ятимов.
Унга кўра, Қирғизистон Тожикистон ҳудудидаги ўзи ишлатаётган объектлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, бироқ ерлар Тожикистон назорати остида қолади.
Шу билан бирга, Тожикистон Қирғизистон ҳудудида ўзи ишлатаётган объектлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади ва ерлар Қирғизистон Республикаси назоратида қолади.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида 970 километрдан ортиқ умумий чегара мавжуд бўлиб, унинг бир неча юз километри ҳали белгиланмаган.
Ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар икки томонлама манфаатлар ҳимоясини ҳисобга олган ҳолда қолган чегарани аниқлаш ва белгилашга ҳаракат қилмоқда. Томонларнинг учрашуви бир-бирининг ҳудудида навбатма-навбат ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлатлар 18 км чегара бўйича келишувга эришган эди.
LiveБарчаси