“Тошшаҳартрансхизмат”нинг собиқ раҳбари ва яна 20 кишига суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
28 Март
8936“Тошшаҳартрансхизмат”нинг собиқ раҳбари Анвар Жўраев ўринбосари билан бирга давлат мулкини талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги каби моддаларда айбдор деб топилиб, 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Ҳукмга кўра, жорий йилнинг 3 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди биносида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг собиқ бошқарув раиси Анвар Жўраев ва у билан бирга 20 кишига нисбатан суд ҳукми эълон қилинган. Судда айбланувчиларнинг жиноятлари акс этган жами 24 та эпизод мавжуд.
Суд ҳукмига кўра:
Анвар Жўраев
2024 йилгача пойтахт Транспорт бошқармаси бошлиғи ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси лавозимида ишлаган Анвар Жўраев 3 йил “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик бор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Айбловлар:
- Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 184-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
- 1841-моддаси 2-қисми (жуда кўп миқдорда бюджет ва смета-штат интизомини бузиш);
- 205-моддаси 2-қисми “а”банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
- 209-моддаси 2-қисми “а”банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
- 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш).
Абдужамил Азизов
“Тошшаҳартрансхизмат” собиқ бошқарув раиси ўринбосари Абдужамил Азизов ҳам 3 йил “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а”банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а”банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-модда 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
- 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш).
Ҳусан Маҳкамов
“Тошавтотаъмирхизмат” раиси Ҳусан Маҳкамов 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан айрилиб, 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а”банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 207-модда 1-қисми (мансабдор шахснинг мансабга совуққонлик билан қараши);
- 209-модда 2-қисми “а”банди (такроран мансаб сохтакорлиги).
Аҳмад Алимов
“Тошавтотаъмирхизмат” раиси ўринбосари Аҳмад Алимов ҳам 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. У ҳам 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а”банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 207-модда 1-қисми (мансабдор шахснинг мансабга совуққонлик билан қараши);
- 209-модда 2-қисми “а”банди (такроран мансаб сохтакорлиги).
Бекзод Ибрагимов
Бекзод Ибрагимов – 8-автобус саройининг собиқ раҳбари 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 2 йил 3 ой 3 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а”банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 184-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
- 205-моддаси 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а”банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-модда 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш).
Шуҳрат Аҳмедов
Шуҳрат Аҳмедов – 8-автобус саройи бош муҳандисига 2 йил 7 ой 8 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Унинг 3 йилга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқи чекланган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш).
Дилшод Тошпўлатов
Дилшод Тошпўлатов – 1-автобус саройининг собиқ раҳбари суд залида қамоқдан озод қилинган. Унга Жиноят кодексининг 61-моддаси 2-қисмига асосан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинган. 3 йил муддатда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида ишлаши чекланган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а”банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 25,167-модда 2-қисми “в” ва “г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга тайёргарлик кўриш);
- 184-модда 2-қисм “а” банди (такроран солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш).
Шоазиз Аширов
Шоазиз Аширов 1-автобус саройи раҳбари ўринбосарига 119 млн сўм жарима қўлланилган. У 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш).
Исмоил Баратов
Исмоил Баратов – 8-автобус саройи раҳбари ўринбосари 3 йил “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 105 млн 875 минг сўм жарима қўлланган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш).
Суннат Раҳимбердиев
Суннат Раҳимбердиев – 8-автобус саройининг омбор мудири суд залида қамоқдан озод қилинган. Суннат Раҳимбердиев 2 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Айбловлар:
- 167-модда 2-қисми “а”, “в” ва “г” бандлари (кўп миқдорда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги).
Нажмиддин Давлатов
Нажмиддин Давлатов – “Тошшаҳартрансхизмат” собиқ бошқарув раиси ўринбосари 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан 51 млн сўм жарима жазоси тайинланган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш).
Ҳабибулла Музаффаров
Ҳабибулла Музаффаров – “Тошавтотаъмирхизмат” омбори ходими 2 йилга мазкур тизимда мансаб ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимда ишлаш ҳуқуқидан чекланиб, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги).
Козимбек Худоёров
Козимбек Худоёров – 2-автобус саройи бўлим бошлиғи ҳам суд ҳукми билан 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. У ҳам 2 йилга тизимда мансаб ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги).
Бахтиёр Шарипов
Бахтиёр Шарипов – 8-автобус саройи моддий механигига 9 млн 520 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Суд уни 1 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган.
Айбловлар:
- 167-модда 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари (кўп миқдорда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги).
Равшан Атамуҳаммедов
Равшан Атамуҳаммедов – 1-автобус саройи бош муҳандиси 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 25,167-модда 2-қисми “в”, “г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга тайёргарлик кўриш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
- 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш).
Исломбек Ибрагимов
Исломбек Ибрагимов – 1-автобус саройи омбор мудири 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил 1 ой муддатга озодлиги чекланган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 25,167-модда 2-қисми “в”, “г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга тайёргарлик кўриш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги).
Наргиза Абдураҳмонова
Наргиза Абдураҳмонова – 8-автобус саройи ишлаб чиқариш бўлими муҳандиси 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган.
Айбловлар:
- 167-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 25,167-модда 2-қисми “в”, “г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга тайёргарлик кўриш);
- 209-модда 2-қисми “а” банди (такроран мансаб сохтакорлиги).
Бундан ташқари:
- 8-автобус саройи навбатчи механиги Қобил Носировга 22 млн 100 минг сўм;
- 8-автобус саройи навбатчи механиги Равшан Баировга 25 млн сўм;
- 1-автобус саройи навбатчи механиги Фахриддин Зокиржоновга 23 млн 800 минг сўм;
- “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳаракат хавфсизлиги бўлими етакчи мутахассиси Достонбек Алимбековга 97 минг 500 сўм жарима жазоси тайинланган.
Улар Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 28, 209-моддаси 2-қисми “а” банди (жиноятни бажарувчи билан бир қаторда такроран мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топилган.
Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг:
- Анвар Жўраев, Абдужамил Азизов, Ҳусан Маҳкамов, Аҳмад Алимов, Ҳабибулло Музаффаров, Козимбек Худоёровдан солидар тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фойдасига 2 млрд 146 млн 309 минг сўм;
- Анвар Жўраев, Абдужамил Азизов, Бекзод Ибрагимов, Шуҳрат Аҳмедов, Исмоил Баратов, Нажмиддин Давлатов, Дилшод Тошпўлатов, Шоазиз Аширов ва Равшан Атамуҳаммедовлардан солидар тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фойдасига 905 млн 800 минг сўм;
- Абдужамил Азизов, Бекзод Ибрагимов, Шуҳрат Аҳмедов, Суннат Раҳимбердиев, Бахтиёр Шариповлардан солидар тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фойдасига 66 млн 251 минг сўм;
- Дилшод Тошпўлатов, Равшан Атамуҳаммедов ва Наргиза Абдураҳмонова ва Бекзод Ибрагимовлардан солидар тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фойдасига 196 млн 471 минг сўм;
- Бекзод Ибрагимовдан вазирлик фойдасига 66 млн 654 минг сўм ундириш белгиланган.
Бундан ташқари, ДХХ молия-иқтисод бошқармасига топширилган жами 23 минг АҚШ доллари ва 629 минг сўм пул, Судларни моддий-техник таъминлаш департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими ҳисоб рақамига топширилган жами 56 млн 885 минг сўм пул, “Тошавтотаъмирхизмат” УК ҳисоб рақамига квитанциялар асосида топширилган жами 98 млн 25 минг сўм пул Иқтисодиёт ва молия вазирлигига етказилган моддий зарарни қоплаш учун қаратилган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судида апелляция инстанциясида кўриб чиқилиш учун тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Анвар Жўраев қамоққа олингани хабар қилинганди. ДХХ ходимлари томонидан транспорт соҳасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси Анвар Жўраев автобус саройи филиаллари раҳбарлари билан ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказган.
LiveБарчаси