“Тошшаҳартрансхизмат”га юклатилган 10 та функцияда коррупциявий хавф-хатар юқори

Жамият

image

“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига юклатилган 30 та функциядан 10 тасида коррупциявий хавф-хатар юқори. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълум қилди.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги 240-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилади.

2024 йилда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга юклатилган 30 та функция баҳолашдан ўтказилганда 10 та функцияда хавф-хатар даражаси – “юқори”, 17 та функцияда – “ўрта” ҳамда 3 та функцияда – “паст” даражада экани аниқланган.

“Коррупциявий хавф-хатар юқори функциялари кўп бўлган ташкилот “энг коррупциялашган”, коррупциявий хавфи юқори бўлган лавозимдаги шахслар “коррупционер” ёки аксинча коррупциявий хавф-хатари асосан “паст” бўлган ташкилотлар “коррупциядан холи” ҳисобланмайди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ушбу ҳолатлар мазкур ташкилотларда назорат чоралари етарли йўлга қўйилганлиги ёки аксинча қўшимча назорат чоралари кўрилиши кераклигини, шу билан бирга, ташкилот раҳбарлари коррупциявий хавфи юқори бўлган жараёнлар (функциялар) ва функцияларни бажарувчи лавозимларни алоҳида назоратга олишига сигнал берувчи омил саналади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Анвар Жўраев қамоққа олингани хабар қилинганди. Унга Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилганди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Тошшаҳартрансхизмат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг