Автобусни эшикларни очиқ ҳолда бошқарган ҳайдовчи жазоланди (видео)
Crime
−
09:11 1168 1 minute
Тошкентда автобусни ҳаракатланиш вақтида эшикларини ёпмасдан бошқарган ҳайдовчига нисбатан интизомий чора кўрилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ маълум қилди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчисининг йўловчилар хавфсизлигига оид талабларни бузганлиги ҳақида мурожаат тарқалган. Мазкур ҳолат масъуллар томонидан ўрганилган.
Ўрганиш давомида жорий йилнинг 4 октябрь куни ҳайдовчи О. Э. техник соз автобусни ҳаракатланиш вақтида эшикларини ёпмасдан бошқаргани ва лавозим йўриқномаси талабларини бузганлиги аниқланган.
Шундан сўнг, ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда интизомий чора кўрилган. Жумладан, кеча, 5 октябрдаги 88-сон буйруққа асосан унинг ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланган.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ маълум қилишича, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, автобуслардан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш ва ҳайдовчиларнинг хизмат вазифаларини масъулият билан бажариши доимий назоратда.
Шунингдек, 12-автобус саройи раҳбарияти йўловчилардан юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраган. Корхона мазкур ҳолат такрорланишининг олдини олиш мақсадида назоратни кучайтирганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида автобусда йўл кира ҳақини тўламаган ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиб, жанжал қилган йўловчига 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгилангани ҳақида хабар берилган эди.