“Тошшаҳартрансхизмат”нинг собиқ раҳбари нега озодликка чиқарилгани айтилди (видео)

3-саҳифа

image

Аввалроқ, давлат мулкини талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятлар учун 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг собиқ раҳбари Анвар Жўраев озодликка чиқарилгани хабар қилинганди. Бу ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Олий суд бу борадаги расмий баёнотини эълон қилди.

Маълумки, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2025 йил 3 февралдаги ҳукмига кўра, Анвар Жўраев ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳамда АЖ тасарруфидаги автобус саройларининг 20 нафар ходими Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Дастлабки тергов жараёнида 21 нафар судланувчидан 10 нафарига “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суд томонидан 6 та судланувчига нисбатан (Анвар Жўраевга 7 йил 6 ой муддатга) озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Хусусан, 6 нафар судланувчи қамоқдан озод қилиниб, очиқда бўлган 2 нафар судланувчига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинган.

Суд ҳукми билан судланувчи Анвар Жўраев ва бошқалардан 2 475 687 526 сўм ундирилиши белгиланган ҳамда судланувчиларга тегишли 2 та уй-жой етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилган ва зарардан ортган пул маблағлари давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган.

“Анвар Жўраев ва 10 нафар судланувчи томонидан берилган апелляция шикоятлари ва прокурор келтирган протест асосида ушбу жиноят Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида кўрилган бўлиб, суд жараёни давомида судланувчилар томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланган.

Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.

Шу боис, апелляция судининг 2025 йил 5 июндаги ажрими билан асосий жиноят бўйича етказилган зарар қопланганлиги сабабли судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, жиноий йўл билан топилган маблағларга олинган ва зарарни қоплашга қаратилган 2 та уй-жой давлат фойдасига мусодара қилинган. Эндиликда ушбу ажримдан норози тарафлар Жиноят–процессуал кодексининг 510-моддаси (тафтиш тартибида қайта кўрилиши мумкин бўлган суд ҳукмлари, ажримлари) талабларига мувофиқ Тошкент шаҳар судига тафтиш тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг февраль ойида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Анвар Жўраев қамоққа олингани хабар қилинганди. ДХХ ходимлари томонидан транспорт соҳасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси Анвар Жўраев автобус саройи филиаллари раҳбарлари билан ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошшаҳартрансхизмат Анвар Жўраев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг