Тошкентнинг носоз метроси: энди йўловчига етказилган зарар қоплаб берилиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистонда авария ва техник носозлик сабабли метрода хизмат кўрсатиш тўхтатилганда йўловчига етказилган зарарларни қоплаб бериш таклиф қилинди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Маълумм қилинишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Тошкент метрополитени йўловчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида изланишлар олиб борилган. 

Унинг натижаларига кўра, метрополитенда йўловчиларни ташиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи норматив ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикаси “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Қонунидан ташқари) амалда мавжуд эмаслиги маълум бўлди. 

Ҳолбуки, мамлакатда темир йўл, ҳаво ҳамда автомобиль транспортларида йўловчи, багаж ва юк багаж ташиш қатъий қонун билан аниқ тартибга солинган. 

Хабарга кўра, агентлик, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Украина ва бошқа мамлакатларнинг метрополитендан фойдаланиш, эскалаторда ўзини тутиш қоидалари, йўловчилар хавфсизлиги, багаж ва қўл юкларини ташиш ҳамда уларни сақлаш, тижорат объектлари ва рекламаларни жойлаштириш тартиблари бўйича тажрибаларини ўрганган.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига истеъмолчилар ҳуқуқлари ва хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар тақдим этган:

а) йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назардан метрополитенда йўловчилар, багаж ва юк багажи ташиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклида тасдиқлаш ҳамда унда қуйидагилар: 

•  йўловчи ва ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, авария ва техник носозликлар юзага келганда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар (батафсил ёритган ҳолда), авария ва техник носозлик сабабли хизмат кўрсатиш тўхтатилганда йўловчига етказилган зарарларни (шу жумладан тўланган пулларни) қоплаб беришнинг аниқ тартиби ва механизмлари;
•  йўловчи-истеъмолчилар билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби; 
•  метрополитенда йўловчи хавфсизлигини таъминлашнинг давлат кафолатларини назарда тутиш зарур;

б) моддий-техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, метрополитен хизматларининг санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда кўрсатилишини ҳамда йўловчилар ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилиши имкониятларини таъминлаш;

с) аҳолининг ахборот хабардорлигини янада ошириш, хизмат кўрсатиш қоидаларини тушунарли (видеографикли, анимацияли) тарзда йўловчиларга етказиш, шу жумладан бекат ва вагонлардаги мониторларда мунтазам равишда бериб бориш;

Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Шунингдек, ижрочи (ташувчи)нинг айби билан йўловчи белгиланган манзилга  етказиб қўйиш таъминланмаган тақдирда  ижрочи йўловчини белгиланган бошқа транспорт воситаси орқали белгиланган манзилга етказиб қўйиш ёки йўловчи томонидан тўланган пул маблағларини қайтариш чораларини кўриши шарт.

Метро воқеалари

Қайд этиш керакки, апрель ойида Тошкент метрополитени тез-тез ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги “Новза” бекатида поезд тўхтаб қолгани ҳақида хабар берилганди.

7 апрелда Ўзбекистон йўналишининг “Ғафур Ғулом” бекатида техник сабабларга кўра йўловчилар захирадаги поездга кўчирилган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда метрода поездлар тўқнашиб кетди, дея талқин қилинганди.

8 апрель куни Сергели йўналишида метро поезди ҳаракати тўхтаб қолганди. Йўловчилар эса эвакуаци қилинган. 10 апрель куни эса энг шармандали ва хавфли ҳолат юз берди. Поезд Чилонзор йўналишидаги “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” бекатлари оралиғида эшикларини ёпмасдан ҳаракатланди. Бу вақтда вагонда йўловчилар бўлган, албатта.

Кейинчалик Тошкент метросидаги таблода беҳаё ёзув пайдо бўлди. Жорий йилнинг 21 май куни Тошкентда ерусти метро бекати томидаги қопламалар шамолда учиб тушди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг