Тошкентда учар таксилар хизмат кўрсатишни бошлайди
Бу қизиқ
−
09:55 4345 2 дақиқа
Тошкент шаҳрига 300 та Svitchblade русумидаги учар таксилар олиб келиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида маълум қилинди.
Лойиҳага кўра, ушбу транспорт воситалари оддий автомобиль каби йўлда ҳаракатланади ва зарур пайтда қанотларини очиб ҳавога кўтарилади. Режага кўра, учар таксилар 2028 – 2030 йиллар оралиғида пойтахтга олиб келинади. Лойиҳа Air Toshkent ва Samson Sky компаниялари ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
Мутахассисларнинг айтишича, бундай транспорт воситалари йирик шаҳарларда тирбандликни камайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги қатнов вақтини ҳам анча қисқартириши мумкин.
Учар таксилар уч турдаги двигатель билан ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Улар бензинли, электр ҳамда қуёш панели ёрдамида ҳаракатланади. Бундай транспорт воситалари 800 км тезликка чиқа олади. Масалан, Тошкентдан учган учар такси тахминан 3-4 соат ичида Урганчга етиб бориши мумкин. Транспорт воситасининг сиғими 3 кишидан 7 кишигача бўлади.
Транспорт воситасида совитиш, навигация тизими ва автопилот функцияси мавжуд. Автопилот тизими орқали у ҳайдовчисиз ҳам учиши мумкин, бироқ хавфсизлик сабабли бошқарув пультида оператор бўлиши керак.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай лойиҳа Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда жорий этилиши мумкин. Бу эса мамлакатда янги технологияларни ривожлантириш, сервис марказларини яратиш ва янги иш ўринларини очишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёда илк бор 10 кишилик учар такси парвоз қилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси