Тошкентда метро поездидан шубҳали буюм топилди. Йўловчилар тушириб юборилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Тошкент метрополитенининг “Космонавтлар” бекатида поезд вагонидан шубҳали буюм топилди. Ушбу ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” маълумот берди.

Хабарга кўра, кеча, 11 июнь куни соат 11:50 да “Космонавтлар” метро бекатида 38-йўналиш бўйича ҳаракатланаётган поезднинг учинчи вагонида қаровсиз қолдирилган шубҳали буюм топилган ва бу ҳақда поезд машинистига хабар берилган.

Йўловчилар ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси ўртасида келишилган кўрсатмаларга мувофиқ, йўловчилар ушбу бекатда поезддан туширилган.

Қайд этилишича, шубҳали буюмни текшириш учун поезд депода жойлашган махсус назорат пунктига юборилган. Ҳозирда барча йўналишдаги поездлар жадвал асосида ҳаракатланишда давом этаётгани маълум қилинди.

Метро воқеалари

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент метрополитени тез-тез ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги “Новза” бекатида поезд тўхтаб қолгани ҳақида хабар берилганди.

7 апрелда Ўзбекистон йўналишининг “Ғафур Ғулом” бекатида техник сабабларга кўра йўловчилар захирадаги поездга кўчирилган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда метрода поездлар тўқнашиб кетди, дея талқин қилинганди.

8 апрель куни Сергели йўналишида метро поезди ҳаракати тўхтаб қолганди. Йўловчилар эса эвакуаци қилинган. 10 апрель куни эса энг шармандали ва хавфли ҳолат юз берди. Поезд Чилонзор йўналишидаги “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” бекатлари оралиғида эшикларини ёпмасдан ҳаракатланди. Бу вақтда вагонда йўловчилар бўлган, албатта.

Кейинчалик Тошкент метросидаги таблода беҳаё ёзув пайдо бўлди. Жорий йилнинг 21 май куни Тошкентда ерусти метро бекати томидаги қопламалар шамолда учиб тушди.


Мақола муаллифи

Теглар

Метро

Баҳолаганлар

257

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг