Тошкентда карантин чоралари кучайтирилиши кутиляпти

Жамият 23471
image

Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси мамлакатда, жумладан, Тошкент шаҳрида юзага келган эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда карантин чекловларини янада кучайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Telegram`даги davletovuz каналида хабар берилди.

Коронавирус аниқланиши бўйича сўнгги икки кунлик маълумотлар ҳам Тошкентда аҳвол ёмонлашганини кўрсатяпти. пойтахтда икки кунда 42 та ҳолат аҳоли орасида аниқланган.

Қайд этиш керакки, Республика махсус комиссиясининг 22 июндаги қарори билан Тошкент шаҳрида карантин чоралари кучайтирилганди. Хусусан, Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси аниқланган “қизил” ҳудудларни блокпостлар ўрнатган ҳолда маҳалла, даҳалар ва кўчалар кесимида ёпилиши, карантинга олинган фуқароларнинг уйи олдида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилиши белгиланганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилганди. Шундан сўнг мамлакат бўйлаб карантин режими ўрнатилганди. 

22 мартдан эътиборан пойтахт Тошкентда жамоат транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилганди. 8 июндан автобуслар ҳаракатига рухсат берилди, аммо метро фаолияти тикланмади.

24 март куни Тошкент шаҳрига кириш нуқталарида постлар ўрнатилганди. Пойтахтни вилоятлар билан боғловчи халқ орасида “Эркин пости” номи билан аталувчи йўл-патрул хизмати масканини Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев ёпиб берганди.

30 мартдан 20 апрелга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автомобилларда ҳаракатланиш учун Давлат хизматлари марказларидан махсус стикер олиш кераклиги белгиланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 823
Рейтинг: 3
t
×