Постларни вазир ва қўмондоннинг ўзи “ёпиб берди”
Жамият
−
24 Март 2020
16761Аввал хабар берилганидек, 24 март куни кечки соат 00:01 дан Тошкент шаҳрига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан транспорт воситаларининг кириши ва пойтахтдан чиқиши тўхтатилди.
Мазкур жараёнда иштирок этиш мақсадида QALAMPIR.UZ халқ орасида “Эркин пости” дея номланган вилоятлар ва Тошкент шаҳрини боғловчи йўл-патрул хизмати маскани ёпилишида иштирок этди. Ҳолатни бевосита кузатиш учун назорат постига Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев ташриф буюрди.
Мазкур муҳим тадбирни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кўп сонли ходимлари сафарбар этилди. Биз ушбу жараёнда ИИВ ЙҲХБ матбуот хизмати катта мутахассиси, подполковник Зоир Саидалиев билан суҳбатлашдик.
"Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ҳукуматимиз томонидан тезкор қарорлар қабул қилинди. 24 март куни 00:01 дан бошлаб Тошкент шаҳри атрофидаги барча ЙПХ масканлари, блокпостлар, тўсиқ постлари, умуман, Тошкент шаҳридан чиқиш ва Тошкент шаҳрига кириб келувчи барча йўллар тўлиқ ёпилди. Асосий мақсад – коронавирус инфекциясининг бошқа вилоятларга тарқалиб кетиши олдини олиш ва фуқароларимизнинг эпидемиологик осойишталигини таъминлашдир.
Ёпилиш тартиби бўйича айтадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида – иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимлари ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади.
Бу вақтинчалик чоралар бўлиб, карантин вақтида ушбу постларимизни тўлиқ тўсиш назарда тутилган. Ушбу тадбирни амалга оширишда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев шахсан қатнашди.
Албатта, бу чораларни фуқароларимиз тўғри қабул қилишлари керак. Ўта осойишталик ва босиқлик билан ушбу тадбирни ўтказа олсак, ўзаро мулоқотда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилсак, постларимизда йўл-патруль хизмати ходимларининг талабларига сўзсиз итоат этсак, ушбу инфекцияни тарқалишига оддий фуқаро ҳам ўз ҳиссасини қўшган бўлади", дейди Зоир Саидалиев.
Маълумот ўрнида, ушбу тартиб Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси кўрсатмасига кўра ишлаб чиқилган.
Комиссиянинг 21 март куни қабул қилган қарорига кўра, 22 мартдан бошлаб барча жамоат транспортлари (автобус, метро ва йўналишли такси) ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар сони 50 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси