Тошкентда иситиш тизими қачон ўчирилиши маълум бўлди
Жамият
−
17 Апрель 2020
9922Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 20 апрелидан иситиш тизимини ўчириш бошланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳаво ҳарорати кейинги ҳафтада +27 даража ва ундан ортиқ бўлишини кўрсатаётган об-ҳаво прогнозини ўрганган ҳолда, шунингдек, энергия манбаларини тежаш ва иссиқлик таъминоти тизимини ёзги иш тартибига ўтказиш мақсадида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан турар жойларда иссиқлик таъминоти тизимини 20 апрель кунидан бошлаб босқичма-босқич ўчириш масаласи кўриб чиқилмоқда”, дейилади хабарда.
Ҳоким ўринбосари Баҳтиёр Раҳмонқуловнинг маълумот беришича, иссиқлик таъминоти тизимини ўчириш босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи навбатда иссиқлик манбаларида босим пасайтирилади, насос станциялари ўчирилади, кейин бевосита турар жойларининг иссиқлик таъминоти тизимлари ва локал қозонхоналар ўчирилади. Жараён якунида иссиқлик тармоқлари тўлиқ иссиқ сув таъминоти режимига ўтади. Иссиқлик таъминоти тизимини ўчиришнинг тўлиқ жараёни ўртача 3 сутка вақт олади.
Шу билан бирга, шаҳар ҳокимининг ўринбосари, карантин якунига қадар баҳорги бир ҳафталик иссиқ сув ўчирилиши кўзда тутилмаётганлигини, келгуси иситиш мавсумига тайёргарликнинг барча жадваллари вужудга келган вазиятдан келиб чиқиб, қайта кўрилишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент да иситиш тизимини ўчиришни дастлаб 1 апрелдан бошлаш режалаштирилганди. Бироқ мамлакатда карантин режими ўрнатилиб, болалар уйда қолгани ва ёғинли кунлар давом этгани учун иситиш тизимини ўчириш кечиктирилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь