Толиблар Афғонистон шимолида тузоққа тушади — Маршал Абдул Рашид Дўстум
Олам
−
12 Август 2021
41195“Толибон” ҳаракати жангарилари аввал ҳам Афғонистон шимолига ҳужум уюштирган ва тузоққа тушган. Бу ҳақда Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Маршал Абдул Рашид Дўстум журналистларга маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистон шимолида толибларга ўрин йўқ.
“Толиблар аввал бир неча марта Афғонистон шимолини эгаллашга ҳаракат қилган, бироқ уларнинг раҳбарлари тузоққа тушиб қолган. Бу сафар толиблар мамлакат шимолини тарк этиши осон бўлмайди, улар яна пистирмага тушади”, деган Дўстум.
Афғонистон собиқ вице-президентининг таъкидлашича, мамлакат шимолидаги вилоятлар аҳолиси “Толибон” борлигига қарши исён кўтаради ва улар минтақада мағлуб бўлади.
Кеча, 11 август куни эрталаб Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Дўстум ва бошқа мамлакатнинг сиёсий раҳбарлари мамлакат шимоли ва шимоли -шарқий вилоятларида “Толибон”га қарши операцияларни бошлаш билан боғлиқ хавфсизлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Маълумот учун, “Толибон” вакилининг сўзларига кўра, мамлакатдаги 34 вилоят марказидан 9 таси ҳаракат назоратида бўлиб турибди. Нимрўз, Жузжон, Сари-Пул, Қундуз, Тахор, Саманган, Фарах, Боғлон ва Бадахшон вилоятлари марказини эгаллаган. Толиблар ўзи эгаллаган шаҳарларда биринчилардан бўлиб қамоқхоналардаг маҳкумларни озод қилмоқда.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси