Маршал Дўстум Мирзиёевнинг БМТдаги чиқиши дунё ўзбеклари учун ифтихор эканини айтди
Интервью
−
26 Сентябрь 2020
28720Маълумки, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясида иштирок этиб, илк бор ушбу юқори минбардан ўзбек тилида нутқ қилди. Бу нафақат ўзбекистонликлар, балки дунё ўзбеклари учун ҳам тарихий воқеа бўлди. Афғонистон миллий исломий ҳаракати асосчиси, Афғонистон ўзбеклари раҳбари Маршал Абдул Рашид Дўстум Мирзиёевнинг ўзбек тилида нутқ сўзлашини олқишлаб, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишида Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини эътироф этди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқини алоҳида тарихий воқеа деб ҳисоблайман.
Бу нутқда дунёдаги ва минтақадаги муаммолар хусусида Ўзбекистон сиёсий ёндашуви аниқ ва теран ёритиб берилган. Ўзбекистон Президенти ушбу чиқишининг тарихий аҳамияти шундан иборатки, БМТ тарихида илк маротаба мустақил Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади.
Мен бундан шахсан ўзим ўзбек ўғлони ва афғонистонлик ўзбекларнинг раҳбари сифатида фахрланаман. Бу биз учун юксак ифтихордир.
Ўзбек тилида сўзланган бу нутқ нафақат 34 миллионлик Ўзбекистон аҳлини, балки дунёдаги кўплаб мамлакатларда яшовчи миллатдошларимизни, хусусан, Афғонистондаги ўзбекларни ҳам чин маънода ғурурлантирди”, дейди Дўстум.
Президент Мирзиёев жорий йилнинг сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ўзбекистон раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этишни таклиф қилди. Унга кўра, қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур.
Маршал Дўстум фикрларини давом эттириб, Мирзиёевнинг охирги йилларда олиб бораётган сиёсати ва Афғонистонда тинчликни тиклаш борасидаги ислоҳотлари ҳақида сўз юритди.
“Ўзбекистон Республикасининг, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг охирги йилларда олиб бораётган сиёсати ва ислоҳотлари нафақат мамлакат ичидаги оқилона ўзгаришларга, балки Ўзбекистоннинг минтақадаги ва дунёдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ҳар доим ўзининг тинчликпарварлик сиёсати билан дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб келган. 2001 йил охирида Афғонистонда бошланган халқаро терроризмга қарши курашни амалга ошириш ташаббусчиларидан бири ҳам Ўзбекистон эди.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ўз йўлида давом этди, қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, бу мамлакатни минтақавий жараёнларга фаол жалб қилиш учун барча имкониятларни ишга солди.
Хусусан, 2018 йил март ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилган олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини тинчлик йўли билан ҳал қилишга асосий туртки бўлди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида яқинда Қатарнинг Доҳа шаҳрида биринчи марта афғонлараро музокаралар ўтказилди. Ўйлайманки, бу бошланган эзгу иш ўз ижобий натижасини беради.
Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистон ҳудудида барпо этиши кутилаётган “Сурхон – Пул-и Хумри” электр узатиш тармоғи ҳамда Мозори-Шариф шаҳридан Ҳинд океанига олиб чиқувчи темир йўл лойиҳалари менинг юртимнинг иқтисодий-ижтимоий ривожига улкан ҳисса қўшади. Мазкур ташаббуслар тарихда икки давлатни чамбарчас боғловчи рамзий кўприк сифатида қолишига ишонаман”, дейди Дўстум.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь