Маршал Дўстумнинг ўғли “Толибон”га асир тушгани рад этилди. У қаерда?

Олам 18536
image

Аввалроқ “Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг энг обрўли шахсларидан бири Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг ўғлини асир туширгани ҳақида хабар берган эдик.

Турли манбаларнинг маълум қилишича, Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум “Толибон”га асир тушмаган. У ҳозирда Афғонистон шимолидаги Мозори-Шариф шаҳрида бўлиб турибди.

Ёрмуҳаммад Дўстум Жузжон вилояти маркази Шибирғон шаҳри “Толибон” жангарилари томонидан эгаллангач, дастлаб Қобулга, сўнг Мозори-Шарифга йўл олган.

Эслатиб ўтамиз, Маршал Абдул Рашид Дўстум ҳам Шибирғонни тарк этди. У Мозори-Шарифда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан “Толибон”га қарши кураш масаласини муҳокама қилгани хабар қилинганди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 231
Рейтинг: 3
t
×