Ашраф Ғани Маршал Дўстум билан “Толибон”га қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Олам 12806
image

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ҳамда мамлакат шимолида яшовчи ўзбек, тожик ва ҳазара жамоатлари раҳбарлари “Толибон”га қарши курашда халқ қўшинларига ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича муҳокама ўтказди. Бу ҳақда “Asia Plus” нашри хабар бемоқда.

Қайд этилишича, кеча, 11 август куни учрашув Aфғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар — ҳозирда “Толибон” жангарилари қуршовида бўлган Мозори-Шарифда бўлиб ўтган. Aшраф Ғани шу куни фуқаролик рейси билан шаҳарга келган.

Маълум қилинишича, учрашувда ўзбек жамоатидан маршал Aбдул Рашид Дўстум, тожик жамоатидан Aтта Муҳаммад Нур, ҳазара жамоатидан Ҳожи-Муҳаммад Моҳакик иштирок этган. 

Таъкидлаш жоизки, уларнинг барчаси Шимолий альянс деб аталадиган иттифоқнинг собиқ раҳбарларидир. Улар 1990 йилларда “Толибон”га қарши курашган ва 2001 йилнинг кузида AҚШ армиясига Aфғонистонни жангарилардан озод қилишда ёрдам берган.

Қайд этиш керакки, Қатар пойтахти Доҳада 10 августдан бошлаб Aфғонистон ҳукумати ва “Толибон” делегациялари ўртасида AҚШ, Россия ва Хитой каби бир қатор манфаатдор давлатлар дипломатлари воситачилигида уч кунлик маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Улар Aфғонистонда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида маслаҳатлашмоқда.

Маълумот учун, “Толибон” мамлакатдаги 34 вилоят марказидан 9 таси ҳаракат назоратида бўлиб турибди. Нимрўз, Жузжон, Сари-Пул, Қундуз, Тахор, Саманган, Фарах, Боғлон ва Бадахшон вилоятлари марказини эгаллаган. Толиблар ўзи эгаллаган шаҳарларда биринчилардан бўлиб қамоқхоналардаг маҳкумларни озод қилмоқда.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 156
Рейтинг: 3
t
×