Теҳрон Россия билан визасиз режимга ўтмоқчи
Олам
−
16 Август 2023
2980Эрон Россия билан визани бутунлай бекор қилишга тайёр. Бунинг учун расмийларнинг тегишли қарорлари кутилмоқда холос. Бу ҳақда бугун, 16 август куни Эрон Ислом Республикасининг Россия Федерациясидаги элчиси Козим Жалолий “Известия” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Мамлакатларимиз ўртасида визанинг тўлиқ бекор қилинишига келсак, шуни таъкидламоқчиманки, Эрон Ислом Республикаси бу қадамга – икки давлат фуқароларининг бемалол саёҳат қилишлари учун визани бекор қилишга тўлиқ тайёр. Табиийки, биз мулозимларимиздан тегишли қарорларни кутамиз, шундан сўнг бу чоралар тасдиқланади ва амалда қўлланилади”, дейди дипломат.
Жалолийнинг билдиришича, ҳозир Россия ва Эрон визасиз гуруҳли туристик саёҳатлар ҳақидаги келишувни "амалга ошириш йўлининг энг бошида" турибди.
“Сайёҳлар оқимини кўпайтирмоқчи бўлсак, албатта, қўшма авиакомпаниялар ташкил этишга эҳтиёж туғилади. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги рейслар сони чекланган, уларнинг сонини сезиларли даражада ошириш керак”, дея қўшимча қилган Жалолий.
Маълумот учун, Россия ва Эрон 1 августдан бошлаб визасиз турист алмашинувини йўлга қўйган. Унинг доирасида ҳар икки давлат сайёҳлари 5 дан 50 кишигача бўлган гуруҳларда икки ҳафта давомида визасиз саёҳат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россиянинг Ашхободдаги элчиси Александр Блохин Москва Туркманистон билан визасиз режимга ўтишга тайёр эканини айтганди.
LiveБарчаси