Ташиевнинг ўринбосарлари ҳам ишдан олинди
Олам
−
10 Февраль 12078 3 дақиқа
Аввалроқ, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди. Унинг уч нафар ўринбосари ҳам ишдан олинди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаров маъмурияти хабар берди.
Унга кўра, биринчи ўринбосар Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинган.
Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди.
Маълумот учун, Абдукарим Алимбоев 1973 йил 19 апрелда туғилган, олий маълумотли. 1995 йилда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ҳарбий институтини, 2006 йилда эса Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати Ҳарбий академиясини тамомлаган. 1993-2013 йилларда Қирғизистон Чегара хизматида турли бўлинмаларга қўмондонлик қилган. 2013-2014 йилларда Давлат чегара хизматининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари бўйича минтақавий бошқармаси раҳбари бўлган. 2014-2016 йилларда Давлат чегара хизмати раисининг ўринбосари, 2016 йил майидан эса Давлат чегара хизмати раиси лавозимида ишлаган. Уйланган, уч нафар фарзанди бор.
Алишер Эрбоев Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари – МХДҚ Антитеррор маркази директори этиб тайинланди. У 1973 йил 23 ноябрда Жалолобод вилояти Ала-Бука тумани Қўштерак қишлоғида туғилган.
1997 йилда Россия Қуролли кучлари қуруқлик қўшинларининг ҳарбий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа академиясини “радиотехника воситаларидан фойдаланиш муҳандиси” ихтисослиги бўйича тамомлаган. 2015 йилда Ўш давлат университетида “ҳуқуқшунослик” йўналиши бўйича таҳсил олган.
1997-2009 йилларда Қирғизистон миллий хавфсизлик органларида ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлган. 2010 йил январь–июль ойларида Қирғизистон ҳукумати ҳузуридаги Молиявий полиция органларида хизмат қилган. 2010–2013 йилларда қайтадан МХДҚ тизимида хизматни давом эттирган. 2013-2014 йилларда “ОДА Темир-Жол Күзот” МЧЖ бош директори, 2014–2015 йилларда “Қирғизистон миллий электр тармоқлари” ОАЖ бош директорининг маслаҳатчиси, 2015–2016 йилларда шу жамиятда таъминот ва хизмат кўрсатиш бўйича директор лавозимларида ишлаган. 2016–2019 йилларда Қирғизистон ҳукумати ҳузуридаги Давлат божхона хизматида ички хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи бўлган. 2019 йилдан МХДҚ ихтиёрида. 2021–2025 йилларда VII чақириқ Жогорку Кенеш депутати бўлган.
Шунингдек, Уранбек Шодибеков МХДҚ раисининг ўринбосари – Киберхавфсизликни таъминлаш бўйича мувофиқлаштирув маркази директори этиб тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев истеъфога чиқарилгани, унинг ўрнини эса ўринбосари Жумгалбек Шабданбеков эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.
Садир Жапаровнинг матбуот котиби Аскат Алагозов мазкур ўзгаришлар юзасидан баёнот берди. Унинг айтишича, Садир Жапаровнинг ушбу қарори давлат манфаатлари йўлида, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси