Эҳтимолий президент сифатида кўрилган Ташиев нега кучдан кетди?
Олам
−
20:45 8785 2 дақиқа
2020 йилдан бугунга қадар Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини бошқарган ва навбатдаги президент бўлиши мумкинлиги айтиб келинган Қамчибек Ташиев давлат идоралари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш мақсадида барча лавозимлардан озод этилди. Бу ҳақда Президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Аскат Алагозов баёнот берди.
Аскат Алагозовнинг изоҳ беришича, Садир Жапаровнинг ушбу қарори давлат манфаатлари йўлида, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган.
Қамчибек Ташиев 1968 йил 27 сентябрда Жалолобод вилояти Сузак туманининг Барпи қишлоғида туғилган. У 1992 йилда С.М.Киров номидаги Томск политехника университетини муҳандис-кимёгар-технолог мутахассислиги бўйича, 1999 йилда эса Ж.Баласагин номидаги Қирғиз миллий университетини юриспруденция мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1993-1998 йилларда “Меэрим-Ай” ишлаб чиқариш фирмасининг директори лавозимидан бошлаган. 1998 йил июнидан 2005 йилгача Жалолобод вилояти давлат маъмуриятининг Тадбиркорлик ва инвестициялар департаменти, “Томас” ишлаб чиқариш-тижорат фирмаси, “Элет-Кенч” қишлоқ хўжалиги кооперативи, Қирғизистон Бош вазири аппарати ҳамда Бишкек шаҳри мэрияси Ленин тумани давлат маъмуриятида турли лавозимларда ишлаган.
2005-2007 йилларда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутати, Ёқилғи-энергетика мажмуаси ва сув ресурслари бўйича қўмита раиси, 2007-2009 йилларда Фавқулодда вазиятлар вазири, 2010-2013 йилларда яна Жогорку Кенеш депутати бўлган.
2020 йил октябридан 2021 йил октябригача Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган. 2021 йил 13 октябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимига тайинланган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Унинг ўрнига Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Ушбу истеъфодан бир неча соат ўтиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Live
Барчаси