Талатўплар оқибатида Назарбоевнинг қизи ва куёви 200 млн доллар йўқотди

Олам

image

Қозоғистонлик тўрт миллиардер, жумладан, мамлакат биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёвининг бойлиги бир неча кунлик норозилик намойишларида жами 3 миллиард долларга қисқарди. Бу ҳақда “Forbes” ёзмоқда.  

Таъкидланишича, миллиардерларнинг бойлиги мамлакатдаги икки йирик банк — Kaspi Bank ва Қозоғистон Халқ банки акциялари қиймати мос равишда 30 ва 15 фоизга тушиб кетгани туфайли қисқарган. 

Жорий йилнинг 4-6 январь кунлари Kaspi Bank’нинг энг йирик акциядори Вячеслав Ким 1,4 миллиард доллар йўқотган, унинг бойлиги 5,7 доллардан 4,2 миллиард долларга тушган. Kaspi бош директори Михаил Ломтадзенинг бойлиги худди шу миқдорга — 5,2 дан 3,8 миллиард долларга камайган. 

Қозоғистон Халқ банки акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи Назарбоевнинг қизи Динара Кулибаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев жами 200 миллион доллар йўқотган. “Forbes” эр-хотиннинг бойлигини 3,1 миллиард долларга баҳолаган.

Умуман олганда, “Forbes” маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг энг бой одамлари рейтингида бойлиги бир миллиард доллардан ошган етти киши бор. Нашр норозилик намойишлари пайтида қолган миллиардерларнинг аҳволи қандай ўзгарганига ишора қилмаган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Динара Кулибаева

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг